Сурхондарё вилояти Денов тумани тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси Элтузарга мурожаат қилиб, «103» ҳайдовчиларининг иш ҳақи, иш соатлари ҳамда хизмат автомобилларини таъмирлаш билан боғлиқ муаммоларидан шикоят қилди.

Унинг айтишича, ҳайдовчиларнинг бир ойлик маоши тахминан 2 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача ўзгариб туради, бироқ бир хил соат ишланган тақдирда ҳам тўланадиган сумма ҳар ой турлича чиқмоқда.

«Аниқ иш ҳақи йўқ. Иш бир хил, соат бир хил, лекин ойлик ҳар хил. Сўрасак, “камбағал ой”, деган важларни келтиришади. Ростини айтсам, бу ойликка ишлаб бўлмай қолди», – дейди мурожаатчи.

Унинг билдиришича, аввал ҳайдовчилар ойига 7-8 марта навбатчилик қилган бўлса, ҳозир 12 соатлик тартибда ойига 16 кун ишлаш белгиланган.

Ҳайдовчи тунги навбатчиликларда ҳайдовчи деярли ухламасдан ишлашини, аммо маош ҳатто кундалик харажатларни қоплашга ҳам етмаётганини айтмоқда.

«Ҳатто ҳайдовчиларнинг тушлик ёки кечки овқат қилишга пули етмай қоляпти. Кечаси билан ухламай ишлаб чиқиш бу пулга арзимайди», – дейди у.

Мурожаатда таъкидланишича, иш ҳақидан норози бўлган айрим ҳайдовчилар ишдан кетиб, Россияга ишлаш учун жўнаб кетмоқда.

«Ҳамма ҳам Россияга кетолмайди-ку», – дейди ҳайдовчи.

Ходимнинг сўзларига кўра, мазкур муаммо юзасидан вилоят бошқармасига бир неча марта мурожаат қилинган, аммо ҳозирга қадар на амалий натижа, на жавоб бўлган.

«Запчасть сўрасак – бюджетда пул йўқ дейишади»

Ҳайдовчиларни қийнаётган яна бир муаммо – тез тиббий ёрдам автомобилларининг техник ҳолати.

Мурожаатчининг айтишича, эски автомобилларда майда таъмир ишлари тез-тез талаб этилади. Зарур эҳтиёт қисмлар механикдан сўралганда эса, ходимларга «ҳозир йўқ», «бюджетда пул йўқ, эплаб туринглар» каби жавоблар берилар экан.

Унинг сўзларига кўра, баъзи ҳолларда тўрт нафар ҳайдовчи бирлашиб, автомобилни иш ҳолатида ушлаб туриш учун ўзлари ҳаракат қилишга мажбур бўлмоқда.

Айни пайтда «103» хизматида чақирувлар кўплиги сабабли автомобилларнинг доимий соз ҳолатда бўлиши ҳаётий аҳамиятга эга.

Элтузар мурожаатда келтирилган иш ҳақи миқдори, иш графиги, автомобилларни таъмирлаш ва вилоят бошқармасига қилинган мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларнинг расмий муносабатини кутади.