Давлат университетларига илмий тадқиқотлар ва лойиҳаларни тижоратлаштириш топшириғи Президентнинг 3855-сон қарори билан белгиланган. Қарорда илмий лойиҳа натижалари учун харидорлар билан мулоқотга киришиб, уларни сотиш вазифаси белгилаб қўйилган. Университет ходими ёки раҳбар бу вазифани тўлиқ бажарса, қандай мукофотланиши ҳақида қарорда бирор сўз йўқ.

Бироқ ушбу ҳужжатнинг 29.12.2025 йилдаги янгиланган шаклида тижоратлаштириш талабини қониқарли бажармаган масъулнинг маоши 30 фоизгача кесилиши, жарима сифатида ундирилиши аниқ-тиниқ ёзилган:

«Белгилансинки, иловада кўрсатилган ишланмаларни ўз вақтида тижоратлаштирмаганлиги ва сифатсиз тижоратлаштирганлиги учун уларни жорий этишга жавоб берадиган шахсларга нисбатан уларнинг ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади», – дейилади қарорда.

Жаримадан хавфсираган олийгоҳлар раҳбарияти ҳам салла сўралганда калласи билан чопиб келмоқда, қош қўяман деб кўз чиқаришмоқда. Яъни кўплаб университетлар раҳбарияти қарорда истисно қилинган ижтимоий-гуманитар соҳалардан ҳам тижоратлаштириш шартномалари талаб қилмоқда. Қарорда эса аниқ-тиниқ қилиб шундай ёзилган:

«Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастурларини бажариш доирасида муассасалар томонидан яратилган илмий ва илмий-техник фаолият натижалари, давлат илмий-техник лойиҳалар якунланганидан ва (ёки) улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан кейин тижоратлаштирилиши лозим, гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги лойиҳалар бундан мустасно».

Айни шу банд ҳужжатнинг 2022 ва 2025 йилги вариантларида бир хил турибди. Шунга қарамасдан, гуманитар соҳалар бўлган педагогика йўналишида ҳам, филология ва санъат йўналишларида ҳам тижоратлаштириш талаби профессор-ўқитувчилар бўйнида сиртмоқ бўлмоқда.
Қонун ва қарорларни обдон таҳлил қилмайдиган “гуманитарий”лар раҳбариятларининг “ура-ура ташаббускорлиги” қурбони бўлишмоқда.
Азиз устозлар, агар сиз ижтимоий-гуманитар соҳада (аниқ фанлар педагогикаси ҳам гуманитар соҳа ҳисобланади) дарс бераётган бўлсангиз, проректорлару, ректорингиз сиздан тижоратлаштириш талаб қилишга қонунан ҳақли эмас.

Сиз ўз маошингизни фирмалар орқали айлантириб, сохта шартнома тузишга вақт сарфлаяпсиз, раҳбарларингиз эса буни натижа деб ҳисоботларида кўрсатишмоқда. Сўралмаган жонбозлик ҳисобига юқоридан “очко” ишлашмоқда. Гуманитар соҳалар пул топишга мажбур эмас — улар жамиятнинг ғоявий жипслиги, бунёдкорлик кайфияти ва маънавий юксалиши учун зарур.
Бундай заруратга эси бор барча давлат тузумлари бюджет ажратади. Гуманитар соҳалар асосан давлат дотацияси, меценат ва саҳийлар ҳисобидан ривожланиши ўта табиий.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига мурожаат:
Ижтимоий-гуманитар соҳалар учун қарорда белгиланган истисно амалда ишлайдими?. Олий таълим муассасаларида ноқонуний тижоратлаштириш талабларига чек қўйиш, раҳбариятларнинг қонунга зид кўрсатмаларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда профессор-ўқитувчиларни асоссиз босим ва жарималардан ҳимоя қилишингизни талаб қиламиз.