ТЕЛЕКАНАЛЛАР МУХЛИС ЖАЛБ ҚИЛОЛМАЙ ҚОЛГАНИНИНГ САБАБИ НИМА?
“Ўзбекистон 24” телеканалида Одил Аҳмедов Одил Ёқубов билан адаштирилган воқеа ортидан давлат телеканалларида кадрлар сиёсати, савия ва назорат тизимидаги муаммолар, аудитория еқотилиши ва интернет олдида мағлубият сабаблари таҳлил қилинади.
“Ўзбекистон 24” телеканали эфирида футболчи Одил Ахмедов билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов адаштирилди. Одатда бундай ҳолатларга «техник хато» деб изоҳ беришади. Ҳа, майли, диктор адабиёт ихлосманди деб қўл силтаб қўйиш мумкин. Лекин тизим муаммоларига кўз юмиб бўлмайди.
Бир вақтлар давлат телеканалларида эфирга чиқиш учун билим, тажриба ва савия талаб қилинарди. “Таҳлилнома” каби дастурларда ишлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермасди. Чунки таҳлил қилиш учун аввал билиш керак. Билиш учун эса мутолаа, қизиқиш ва меҳнат зарур.
Бугун вазият ўзгарган. Эфирда кўриниш бор, аммо мазмун камайган. Костюм кийиб камера олдида гапириш журналист бўлиш учун етарли бўлиб қолдими?
«Энг оддий фактларни ҳам текширмасдан эфирга узатиш ҳолатлари кўпаймоқда.
2018 йилдан кейин МТРК тизимида кадрлар сиёсати ҳақида кўп гапирилди. Тажрибали журналистлар бирин-кетин эфирдан йўқолди. Уларнинг ўрнини ёшлар эгаллади. Ёш кадрларга қарши чиқиш нотўғри. Лекин ҳар қандай соҳада бўлгани каби журналистикада ҳам тажриба ва билим ўрнини ҳеч нарса босолмайди» – дейди мутахассислар.
Одил Ахмедов билан Одил Ёқубовни фарқлай олмаслик шунчаки исмлар ўхшашлиги туфайли юз берган хатодек кўриниши мумкин. Лекин бу ҳолат мухбирдан тортиб муҳаррир, чиқарувчи муҳаррир ва эфир учун масъул раҳбарларгача бўлган занжирда назорат механизми ишламаётганини кўрсатади.
Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган телеканаллар аудитория учун курашиш ўрнига ўз статистикаси билан ўзини овутади. Миллиардлаб маблағ сарфланаётган каналларнинг айрим дастурлари ҳақиқий аудитория қизиқишидан узилиб қолгани кундек равшан.
Бир вақтлар вазирларнинг истеъфосига сабаб бўлган суриштирувлар ва таҳлилий чиқишлар билан танилган “Таҳлилнома” бугун кўпчилик томонидан деярли кузатилмайди. Бир сўз билан айтганда, 4 чақалик ойликлар, гонорарларда юлғичлик, тизимнинг коррупцияга ботиб қолиплардан чиқиб кетаолмаётгани боис миллий телевидение интернет билан беллашувда ўз ўрнини бой бериб қўйяпти.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг