ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ УЧУН ДАРСДАН КЎРА ДОЛЛАР МУҲИМ-МИ?
Давлат олий таълим муассасалари кафедраларига ҳар ўқув йили ўн минглаб доллар «инвестиция» режаси юкланиб, ўқитувчилар таълим ва фан ўрнига маблағ топишга мажбурланаётгани айтилмоқда. Бу босим қандай оқибатларга олиб келаяпти?
Давлат олий таълим муассасаларида кафедраларга ҳар ўқув йили бошида ўн минглаб долларлик инвестиция жалб қилиш режаси юкланаётгани ҳақида тизим вакилларидан Элтузарга тасдиқловчи мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шундай мурожаат муаллифларидан бирига кўра, ўтган ўқув йили 10 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритадиган кафедрага 100 минг АҚШ доллари, бу йил эса 60 минг доллар инвестиция жалб қилиш режаси вазирлик томонидан белгиланган.
Жалб қилинган маблағлар махсус вазирлик электрон тизимига тасдиқловчи ҳужжатлари билан киритилиши шарт. Асословчи ҳужжатлар бўлмаса, кўрсаткич қабул қилинмайди. Шунингдек, мазкур масала олий таълим муассасалари кенгашлари, ишлаб чиқариш йиғилишлари ва йил якуни ҳисоботларида алоҳида муҳокама қилиниб, режани бажармаганларга нисбатан танқидий муносабат билдирилади.
Бу амалиёт ўқитувчиларни таълим сифати ва илмий фаолият ўрнига маблағ топиш ҳақида ўйлашга мажбур қиляпти. Босим натижасида айрим ҳолларда кўрсаткични бажариш учун турли сунъий усуллар қўлланилмоқда, ҳатто ўқитувчилар ўз шахсий маблағи ёки ойлигидан турли жиҳозларни сотиб олиб, уни инвестиция сифатида расмийлаштиришга мажбур бўлаётган ҳолатлар ҳам учрайди.
«Ўқитувчи кредитини тўласинми, оиласини боқсинми, даволансинми ёки топган пулини яна университетга “инвестиция” сифатида қайтарсинми? Агар асосий эътибор маблағ топишга қаратилаверса, таълим сифати ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масаласи қачон биринчи ўринга чиқади?» дейилади мурожаатда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бундай шармандали топшириғини изоҳламаслиги тайин. Вазирликка бу ноқонуний топшириқни қайси қовункалла амалдор юклади? Шуниси қизиқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг