ДАВЛАТ ОЛИЙГОҲЛАРИ БИТИРУВЧИЛАРИ ДИПЛОМ ОЛОЛМАЙ САРСОН
Давлат олийгоҳларини тамомлаган минглаб битирувчилар дипломини олишда ишга жойлашгани ёки ўзини ўзи банд қилгани ҳақида маълумот талаб қилинишига дуч келмоқда. Муаллиф бу амалиётнинг мантиқий ва ҳуқуқий асосларини кескин танқид қилади.
Мамлакат бўйлаб деярли барча битирувчи толиби илмлар бир хил муаммога дуч келмоқда. Улар университетни тамомлаган, барча имтиҳонлардан ўтган, контракт тўловларини амалга оширилган, лекин дипломини олиш вақти келганда ишга жойлашганлиги ёки ўзини ўзи банд қилганлиги ҳақида маълумот талаб қилиняпти.
Ишга кириш учун диплом керак. Иш берувчи биринчи навбатда дипломни сўрайди. Диплом олиш учун эса ишга кирганлигингни исботлашинг керак. Бу қандай мантиқ?
Олий таълим муассасасининг вазифаси талабага билим бериш ва ўқишни муваффақиятли якунлаганидан сўнг дипломини топширишдан иборат. Битирувчининг қаерда ишлаши, қачон ишга жойлашиши ёки умуман қайси соҳани танлаши унинг шахсий ҳуқуқи ҳисобланади.
Инсон ўз бизнесини бошламоқчи бўлса, чет элда ўқишни давом эттирмоқчи бўлса ёки маълум муддат иш қидирмоқчи бўлса, нега бу унинг диплом олишига тўсқинлик қилади?
Бандлик масаласини ҳал қилиш учун ёшларни қўллаб-қувватлаш, муносиб иш ўринлари яратиш ва меҳнат бозорини ривожлантириш лозим. Дипломни ушлаб туриш, ёлғон-яшиқ ярмаркалар муаммони ҳал қилмайди. Аксинча, минглаб битирувчиларни сарсон бўлгани қоляпти.
Диплом – бу университет раҳбариятининг эҳсони эмас. Бу талабанинг йиллар давомидаги меҳнати, сарфлаган маблағи ва олган билимини тасдиқловчи қонуний ҳужжатдир. Уни қўшимча шартларга боғлаш виждонсизлик, битирувчига шу икки энлик ҳужжатини ўз вақтида бериш керак.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири каттаконларнинг хаёлига келган маза-бемаза ташаббусларни қўллаб, давлат олийгоҳларида кераксиз ва сохта бюрократияни урчитмоқда. Вазир деганда йўқ дея олишга, мантиқсиз топшириқларни инкор этишга етадиган жасорат ва қатъият бўлиши лозим. Тизим бошдан-адоқ ёлғон статистикада ғарқ бўлмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг