Фарғона вилояти Данғара туманида ҳоким ёрдамчилари турли ташкилотлар раҳбарларига бириктирилиб, эрталаб соат 07:00 дан маҳаллаларда ҳашар ишларига жалб қилинишмоқда.

Ходимлар ҳар куни кечки соат 20:00 да ўтказиладиган йиғилишларда қатнашишга мажбур. Уларнинг сўзларига кўра, йиғилишларда асосан солиқ тушумларини таъминлаш масаласи муҳокама қилинади.

Аслида, ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаси маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга кўмаклашишдан иборат. Аммо амалда уларга хизмат вазифасига бевосита алоқаси бўлмаган кўплаб топшириқлар юкланади.

«Биз солиқ ходими эмас, ҳоким ёрдамчисимиз. Шунга қарамай, солиқ тушумини таъминлаш ва бошқа вазифамизга кирмайдиган ишлар бўйича мунтазам ҳисоб сўралади. Эрталабдан кечгача давом этаётган бундай иш тартиби бизни жисмонан ва руҳан чарчатяпти», — дейилади мурожаатда.

Бир штатга ойлик тўлаб икки-уч штат ходимнинг иш юкламасини бажартириш Янги Ўзбекистоннинг маъмурий «почерк»ими? Қачон бу мамлакатда бюджет ходимларини икки баробар эксплуатация қилишга барҳам берилади ўзи?