«COBALT»НИНГ БОЗОРИ СИНДИ – ХАРИДОРЛАР ХИТОЙ УЛОВЛАРИГА МАФТУН
Ўзбекистонда узоқ йиллар етакчи бўлиб келган Chevrolet Cobalt талабида кескин пасайиш кузатилмоқда. Хитой брендлари - BYD, Kia, Chery, Haval ва бошқалар рақобатни кучайтириб, харидорларга технология ва қулайликлар бўйича янги стандартлар таклиф қилмоқда.
Ўзбекистон автомобиль бозорида йиллар давомида етакчилик қилиб келган Chevrolet Cobalt’нинг мавқеи ўзгаряпти. 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 40 936 та Cobalt сотилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги қарийб 68 минг дона кўрсаткичдан 26,6 мингтага кам. Яъни талаб тахминан 40 фоизга пасайган. Қизиғи, шу даврда Cobalt ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 83 минг донани ташкил этди. Демак, ишлаб чиқариш ва реал талаб ўртасида сезиларли фарқ бор.
Масала фақат Cobalt’нинг ўзида эмас. Бу улов умуман олганда ўзбекнинг корига ярайдиган кирчимол мошина. Асосий сабаблардан бири – Ўзбекистон автомобиль бозорида рақобатнинг кучайиши. Бугун бозорда BYD, Kia, Chery, Haval каби брендлар бор. 2026 йилнинг биринчи ярмида BYD автомобиллари савдоси 17 мингдан ошган, Kia — 12,2 минг, Chery — 4,8 минг, Haval эса 4,4 минг дона атрофида мошин сотди.
Хитой автомобилларининг бозордаги улуши ошиб бораётгани Cobalt учун жиддий рақобат муҳитини яратмоқда. BYD’нинг маҳаллий ишлаб чиқариши ва моделлар қатори кенгайиши харидорга нарх, технология, дизайн ва комплектация бўйича кўпроқ танлов беряпти. Масалан, BYD Song Plus DM-i, BYD Yuan-Up каби моделлар ҳам биринчи ярим йилликда энг кўп сотилган автомобиллар қаторига кирган.
Бундан ташқари, харидорнинг талаби ҳам ўзгарган. Илгари автомобиль танлашда асосий мезонлардан бири «арзон, ишончли ва эҳтиёт қисмлари осон топиладиган машина» бўлган бўлса, бугун истеъмолчи мультимедиа, хавфсизлик тизимлари, ёқилғи тежамкорлиги, гибрид технологияси, ташқи кўриниш ва қулайликларга ҳам катта эътибор беради.
Талабнинг пасайиши иккинчи қўл автомобиль бозорига ҳам таъсир қилди. Янги Cobalt’ларни аввалгидек узоқ кутиш зарурати камайиб, дилерларда автомобилларни эркинроқ харид қилиш имконияти пайдо бўлган. Бу иккиламчи бозордаги сунъий қимматлашувни пасайтириб, ишлатилган Cobalt нархларининг тушишига олиб келмоқда. Автомобиль бозори таҳлилларида ҳам янги Cobalt’ларнинг мавжудлиги ошгани ортидан «шошилинчлик устамаси» йўқолаётгани ва ишлатилган автомобиллар нархи пасайгани қайд этиляпти.
Янги Cobalt’нинг ўзида ҳам харидор учун қулай шартлар пайдо бўлаётгани бозордаги вазиятни кўрсатади. Хусусан, UzAuto Motors Cobalt учун имтиёзли кредит ва фоизсиз бўлиб тўлаш дастурларини таклиф қиляпти. Айрим шартларда 65 фоиз бошланғич тўлов билан 0 фоизли молиялаштириш имконияти ҳам мавжуд. Бу каби акциялар, бир томондан, харидорга қулайлик яратса, иккинчи томондан, Cobalt савдосини рағбатлантиришга эҳтиёж пайдо бўлгани кўрсатади.
Расмий дилерлик каналларида Cobalt MCM’нинг бошланғич нархи 156,1 млн сўм атрофида кўрсатилган. Янги автомобилни салондан навбатсиз харид қилиш имконияти пайдо бўлгани ва молиявий имтиёзларнинг кўпайиши иккиламчи бозордаги Cobalt’лар нархига ҳам босим қилмоқда.
Хулоса шуки, Ўзбекистон автозорида янги давр бошланмоқда. Харидор энди битта бренд ёки моделга боғланиб қолмаяпти. Хитой брендлари, хусусан BYD, шунингдек Kia, Chery, Haval ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг фаоллашиши бозорда рақобатни кучайтирмоқда. Бу жараён давом этса, Cobalt каби анъанавий лидерлар учун нарх, сифат, технология ва сервис бўйича рақобат қилиш зарурати янада кучаяди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг