Наманган вилояти Чортоқ туманида дорихона пештахтаси ортида “шифо” эмас, саволлар сотилаётгани маълум бўлди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими ўтказган текширувда “N.F.” МЧЖ раҳбари И.Ҳ.га қарашли дорихонада давлат реестрида қайд этилмаган, мувофиқлик сертификати йўқ ва ҳатто яроқлилик муддати ўтиб кетган дори воситалари савдога қўйилгани аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг маълум қилишича, “Байналминал” МФЙ ҳудудидаги ушбу дорихонада умумий қиймати 495,7 миллион сўмлик 633 турдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сақланган. Яъни пештахтада ҳар қандай дардга эмас, ҳар қандай қоидабузарликка мос маҳсулот топилган: реестр керакми, йўқ; сертификат керакми, йўқ; муддат керакми, у ҳам аллақачон тарих.

Дорихона шунчаки савдо нуқтаси эмас, гўё тиббиёт археологияси музейига айланиб қолган: баъзи маҳсулотлар яроқлилик муддати билан хайрлашган, баъзилари эса давлат реестри билан умуман танишмаган. Фақат фарқи шуки, музейда экспонатга қўл теккизилмайди, бу ерда эса уларни харидорга тавсия қилиш эҳтимоли бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ашёвий далиллар эса сотувдан олинди. Демак, бу сафар “дори”нинг ўзи эмас, уни сотиш тартиби жиддий муолажага муҳтож бўлиб чиқди.