ЧОРТОҚДА КАТТА ЙЎЛ БЎЙИДАГИ ҚУРИЛИШ САБАБ СУҒУРИБ ТАШЛАНГАН АРЧАЛАРГА КИМ ЖАВОБГАР?
Чортоқда катта йўл бўйида савдо дўкони қурилиши жараёнида еттита арча суғуриб ташланди. Тор тротуар, пиёдалар хавфсизлиги ва қурилиш рухсатномасининг қонунийлиги маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Наманган вилояти Чортоқ тумани Короскон шаҳарчасидаги катта йўл бўйида олиб борилаётган қурилиш ишлари маҳаллий аҳолининг норозиликларига сабаб бўлмоқда.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, Уйчи кўчаси 29-уй рўпарасида жойлашган ҳудудда қандайдир савдо дўкони қуриляпти. Бироқ мазкур жойдаги тротуар аллақачон тор бўлиб, пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун қийинчилик туғдиради. Агар қурилиш якунланса, тротуар янада қисқариб, аҳоли катта автомобиль йўлидан юришга мажбур бўлиши мумкин. Бу ҳаракат хавфсизлиги нуқтаи назаридан жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Қурилиш ишлари давомида ариқ бўйида ўсиб турган еттита арча суғуриб ташланди. Маҳаллий аҳолига кўра, ушбу дарахтлар бир неча йил давомида парвариш қилиниб, ҳудуд кўркига айланган эди.
Фуқароларни қизиқтираётган асосий саволлардан бири — мазкур қурилиш учун рухсатнома қандай тартибда берилгани. Чунки аввал бу ҳудудда қурилиш қилишга рухсат берилмаган ҳолатлар ҳам бўлган.
Туман ҳокимлиги, қурилиш ва экология идораларидан мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиш, қурилишнинг қонунийлигига аниқлик киритиш ҳамда суғуриб ташланган арчалар бўйича тегишли чоралар кўриши талаб этилади.
Қурилиш ишлари қонун талабларига зид равишда амалга оширилган бўлса, айбдор шахслар жавобгарликка тортилиши ва яшил ҳудудга етказилган зарар қопланиши шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг