Наманган вилояти Чортоқ туманида фаолият юритган тадбиркор ўзи ташкил этган балиқчилик хўжалиги бошқа шахсга олиб берилмоқчи бўлаётганини даъво қилди. Унинг видеомурожаати Элтузар таҳририятига юборилди.

Мурожаат муаллифининг айтишича, у 2024 йилда Чортоқ туманидаги сув омборида балиқчилик фаолиятини йўлга қўйган ва 2025 йил охирига қадар ишлаб келган.

Тадбиркор Чортоқ тумани ҳокими Илҳомжон Саттаров хўжаликни Исроил исмли, ўзига яқин деб кўрсатилаётган шахсга олиб беришга уринаётганини иддао қилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимлик томонидан ўтказилаётган босимлар туфайли ҳозирда ўзи етиштирган балиқларини ҳам олиб чиқиш имконига эга эмас.

Туман ва вилоят раҳбарларига мурожаат қилган тадбиркор нималарни ошкор қилди? Видеони кўринг.

Мурожаат муаллифи ушбу масала бўйича Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовга ҳам борганини, бироқ мурожаати натижасиз қолганини билдирди.

Тадбиркор видеомурожаатида туман ҳокимига нисбатан бошқа жиддий даъволарни ҳам илгари сурган. Жумладан, у тумандаги айрим қурилишлар ва йирик бизнес объектлари ҳокимга яқин ёки қариндош бўлган шахсларга олиб берилаётганини айтмоқда.

Шунингдек, мурожаатда Чортоқ тумани марказидаги «Прага» номли кафе ҳам туман ҳокимига алоқадор экани даъво қилинган.

Бироқ мазкур айбловлар ҳозирча мустақил манбалар ёки расмий идоралар томонидан тасдиқланган эмас. Элтузарда Чортоқ тумани ҳокими ёки мурожаатда номи тилга олинган бошқа шахсларнинг ушбу даъволарга муносабати мавжуд эмас.

Чортоқ тумани ҳокимлиги мазкур сув омбори ва балиқчилик хўжалиги бўйича қандай қарор қабул қилган?

Тадбиркорнинг ўзи етиштирган балиқларни олиб чиқишига нима сабабдан рухсат берилмаяпти?

Хўжалик бошқа шахсга берилаётган бўлса, бунинг ҳуқуқий асоси ва тегишли ҳужжатлари борми?

Элтузар Чортоқ тумани ҳокимлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигидан мурожаатда келтирилган даъволар юзасидан расмий муносабат кутади.