ТЕЛЕГРАМДА “APK” ДАСТУРЛАРНИ СОТИБ ЮРГАН ЙИГИТ УШЛАНДИ
Чирчиқда 21 ёшли йигит Telegram орқали зарарли APK дастурларини сотгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. У қандай дастурлар тарқатгани ва зарарли APK нима экани, бундай файллар қандай хавф туғдириши ҳақида мақолада батафсил сўз боради.
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи 21 ёшли фуқаро ўзи яратган зарарли “APK” дастурларини 100-300 минг сўм эвазига “Телеграм” орқали 10 га яқин аккаунт фойдаланувчиларига сотган.
Мазкур шахс “Телеграм” мессенжерида бешдан ортиқ гуруҳ ва каналларнинг администратори ҳисобланиб, уларда “APK” дастурларнинг имкониятлари тўғрисида постлар жойлаштирган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. “APK” дастури ўзи нима? Уни сотиб олган кишига нима наф?
APK (Android Package Kit) бу Android операцион тизими учун мўлжалланган дастур ўрнатиш файли ҳисобланади. Яъни, телефонга илова (программа) ўрнатиш учун айнан шу форматдан фойдаланилади.
Оддий ҳолатда APK файллар расмий манбалардан, масалан Google Play Store орқали юклаб олинади. Аммо ноқонуний ёки номаълум манбалардан тарқатиладиган APK файллар ичига вирус, шпион дастур ёки маълумот ўғирловчи кодлар жойланган бўлиши мумкин.
Бундай “зарарли APK”ларни сотиб олган шахслар одатда улардан бошқаларнинг телефонларига кириш, шахсий маълумотларни қўлга киритиш ёки аккаунтларни бузиш мақсадида фойдаланишга уриниши мумкин.
Яъни, улар бу орқали ноқонуний фойда олишни кўзлайди. Бировларни ухлатади, телефонларидаги даромадларини ўмаради. Бу ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади ва хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун фақат ишончли ва расмий манбалардангина иловаларни юклаб олиш зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг