ЧИРЧИҚДАГИ МАҲАЛЛАЛАР ҚАЧОН ОБОД БЎЛАДИ?
Чирчиқ шаҳри 3-микрорайони, 34-уй ахолиси чиқиндилар тўпланиши, болалар майдончалари аҳволи ва ертўлалардан келаётган нохуш ҳидлардан норози. Улар ободонлаштириш ва тозалик ишларини мунтазам йўлга қўйишни сўрамоқда.
Чирчиқ шаҳри 3-микрорайон, 34-уйда яшовчи аҳоли ҳудуддаги тозалик ва ободонлаштириш ҳолатидан норози эканини билдириб, мурожаат йўллади.
Аҳоли маълум қилишича, ҳудуднинг турли жойларида чиқиндилар ташлаб кетилади. Шу ерда яшовчилар бир неча марта қўни-қўшнилар билан биргаликда атрофни ўзлари тозалашган. Аммо муаммо яна такрорланяпти.
3-микрорайонда болалар ўйин майдончалари ҳам талабга жавоб бермайди. Айрим футбол майдончаларининг ярми тупроқ, ярми эса қум ҳолатида қолган. Таъмирланган болалар майдончаси деярли йўқ.
Кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ҳам очиқ ҳолда қолган. Аҳоли ертўлалардан ёқимсиз ҳид келиши, бу жойларда пашша ва бошқа ҳашаротлар кўпайганидан шикоятчи.
Аҳолининг билдиришича, бир неча йил аввал ёз фаслида уйларнинг деразаларини бемалол очиб қўйиш мумкин эди. Ҳозир эса ҳашаротлар кўпайгани сабабли дераза очиш ҳам қийинлашган.
Кўп қаватли уйларнинг кириш қисмлари ва подъездлари ҳам таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Одамлар ширкатга тўловларни ўз вақтида амалга ошираётган бўлса-да, ҳудудда етарлича амалий ишлар қилинмаяпти.
Мурожаат муаллифлари масъуллардан тозалик ва ободонлаштириш ишларини мунтазам назорат қилишни, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетишни, болалар майдончалари ва кўп қаватли уйлар атрофини тартибга келтиришни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг