Аввалроқ Чиноз туманида яшовчи фуқаро Элтузарга онасининг операция харажатлари бўйича туман мутасаддилари томонидан берилган ваъда амалда бажарилмаётганини маълум қилган эди.

Мурожаатда айтилишича, фуқаронинг онаси Джуманова Дильбар Чиноз тумани Марказий шифохонасида даволанаётган бўлган. Беморнинг фарзанди туман ҳокими Шерзод Салихов билан телефон орқали гаплашгани, суҳбат давомида операция харажатлари, жумладан синган оёққа қўйиладиган Б.И.О.С. мосламаси шифохона томонидан таъминланиши айтилгани билдирилган.

Бироқ операциядан кейин харажатлар оиланинг ўзига юклатилгани ҳақида мурожаат келиб тушган эди.

Орадан бир кун ўтиб, айни мурожаат муаллифи таҳририятга яна хат йўллади. Унда фуқаро Элтуз мақоласидан сўнг онаси операция қилинганини маълум қилган.

“Сизларга катта раҳмат. Сизларнинг ёрдамингиз туфайли Чиноз тумани Марказий шифохонасида ётган онам Джуманова Дильбар операция бўлди. Синган оёғига қўйиладиган Б.И.О.С. мосламаси учун тўловни сув-оқова ташкилоти раҳбари тўлаб берди. Шифохона харажатларини эса Чиноз тумани Марказий шифохонаси бош врачи тўлаб берадиган бўлди”, дейилади мурожаатда.

Фуқаро онаси 1-гуруҳ ногирони экани, боқувчиси ва доимий қаравчиси йўқлигини таъкидлаган эди.

Ҳолат ижобий ечим топганини қайд этамиз. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг мурожаатлари масъул ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва амалда ҳал этилиши муҳимлигини эслатиб ўтамиз.