Чиноз туманида яшовчи фуқаро онасининг операция харажатлари бўйича туман ҳокимлиги томонидан берилган ваъда амалда бажарилмаётганини маълум қилди.

Фуқаронинг айтишича, 2026 йил 24 май куни ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим Чиноз тумани Марказий шифохонасига келиб, бемор аёлнинг ҳолидан хабар олган. Шу вақтда улар беморнинг фарзандини Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салихов билан телефон орқали гаплаштирган.

Мурожаат муаллифининг сўзларига кўра, телефон суҳбати давомида Шерзод Салихов онасининг операция харажатлари, жумладан оёғига қўйиладиган Б.И.О.С мосламаси ҳам Чиноз тумани Марказий шифохонаси томонидан таъминланишини, оила томонидан ҳеч қандай харажат қилинмаслигини айтган.

Бироқ 25 май куни бемор операцияга олинганидан кейин барча харажатлар оиланинг ўзига юклатилгани билдирилмоқда.

“Ҳокимга қўнғироқ қилиб айтсам, Чиноз Марказий шифохонаси бош врачига айтганман, деди. Бош врач эса телефонни кўтармаяпти. Кимга мурожаат қилай? Ҳокимият томонидан амалий ёрдам беролмаймиз, деб жавоб беришди”, дейди мурожаат муаллифи.

Унинг таъкидлашича, онаси 1-гуруҳ ногирони бўлиб, боқувчиси ва доимий қаравчиси йўқ.

Фуқаро туман мутасаддиларидан вазиятга изоҳ беришни, берилган ваъда нега бажарилмаганини тушунтиришни ҳамда беморнинг операция харажатлари бўйича амалий ёрдам кўрсатишни сўрамоқда.

Ҳолат юзасидан Чиноз тумани ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси ва Марказий шифохона масъулларининг муносабатини кутамиз.