ЧЕХИЯ ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИГА ҚИЗИҚМОҚДА: ТУҒИЛИШ КАМАЙИШИГА ҚАНДАЙ ЕЧИМ БОР?
Чехияда туғилиш кескин камайиб, ҳукумат бу муаммони ҳал этиш йўлларини изламоқда. Конференцияда демографлар пулли имтиёзлар етарли эмаслигини, Ўзбекистон каби мамлакатлар тажрибаси эса тўғридан-тўғри кўчириб бўлмаслигини таъкидлади.
Чехияда туғилиш кўрсаткичининг пасайиши мамлакат ҳукумати учун жиддий масалага айланмоқда. Шу мавзуда ўтган ҳафта Чехия ҳукумати биносида «Нега Чехияда кам бола туғилмоқда ва бунга қарши нима қилиш мумкин?» мавзусида экспертлар конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда ўтган ҳафта Ўзбекистон сафарида бўлиб қайтган Чехия бош вазири Андрей Бабиш ҳам иштирок этиб, оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати марказида бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Оилалар давлат улар томонида турганини ҳис қилиши керак. Арзон уй-жой, сифатли хизматлар ва барқарор муҳит бўлмас экан, туғилиш кўрсаткичи ошмайди», — деди Бабиш.
Конференциянинг асосий маърузачиларидан бири — Вена Демография институти директор ўринбосари, демограф Томаш Соботка бўлди. Унинг айтишича, Чехиядаги ҳолат ноёб эмас ва 2010 йилдан кейин дунё бўйлаб кузатилаётган умумий демографик пасайиш тенденцияси билан уйғун.
Соботканинг таъкидлашича, сиёсатчилар кўпинча туғилишни рағбатлантириш учун тез натижа берувчи ва сайлов даврида «сотиш» мумкин бўлган қарорларни қидиради.
«Одатда сиёсатчилар туғилишни оширишни пул орқали ҳал қилишга уринади. Бу энг осон ўзгартириладиган восита», — деди у.
Демографга кўра, дунёда юқори туғилиш даражасини сақлаб қолган бой давлатлар жуда кам. У мисол сифатида Исроилни келтирди. Бу мамлакатда тарихий ва маданий омиллар, айниқса ультраортодокс яҳудийлар жамоасининг катта улуши туғилиш кўрсаткичини юқори сақлаб турибди.
Соботка айтишича, Бабиш айрим ҳолларда Ўзбекистон каби мамлакатлардаги «baby boom» — юқори туғилиш кўрсаткичларига ҳам қизиқиш билдирган. Бироқ демограф бу каби моделларни Европа шароитида такрорлаш осон эмаслигини таъкидлади.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ёки бошқа юқори туғилишга эга мамлакатлар демографик жиҳатдан қизиқарли мисол бўлиши мумкин, аммо Чехия учун тайёр рецепт эмас.
Экспертлар фикрича, туғилишни ошириш қисқа муддатли PR қарорлари билан эмас, балки узоқ муддатли ижтимоий сиёсат, иқтисодий барқарорлик ва оилалар учун қулай муҳит орқали таъминланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг