ELTA’SIR: БУЗУҚҚЎРҒОН МАҲАЛЛАСИДА ТУМАН ҲОКИМИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Бузуққўрғон» маҳалласида туман ҳокими сайёр қабул ўтказди. Аҳоли иш, уй-жой таъмири, тадбиркорлик, коммунал хизмат ва кадастрга оид муаммоларини айтди, айримлари жойида ҳал этилди, бошқалари бўйича муддатлар белгилаб олинди.
Шу кунларда Элтузар нашри Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Бузуққўрғон» маҳалла аҳлининг мурожаати асосида хабар эълон қилган эди.
Хабар ортидан туман ҳокими Расул Жўраевнинг навбатдаги сайёр қабули «Бузуққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Фуқаролар томонидан асосан ишга жойлашиш, уй-жойни таъмирлаш, тадбиркорлик ва деҳқончилик фаолиятини ривожлантириш, коммунал хизматлар, ижтимоий ҳимоя, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, моддий ёрдам ажратиш ҳамда кадастр масалалари бўйича мурожаатлар билдирилди.
Жами ўттизга яқин мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича ўрганилди. Айрим масалаларга шу куннинг ўзида ижобий ечим топилди. Ижроси учун вақт ва маблағ талаб этиладиган мурожаатлар бўйича эса масъул ташкилотлар белгиланиб, аниқ ижро муддатлари кўрсатиб берилди.
Шунингдек, ҳуқуқий тартибда ҳал этилиши лозим бўлган низоли масалалар юзасидан фуқароларга тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Сайёр қабул давомида аҳоли маҳалла раиси ҳақида норозилик билдирмаган. Нега шунақасиз, эй пийпл? Олдингизга ҳоким келиб турибди, бир овоздан якдиллик билан бор муаммони айтиш шунчалар қўрқинчлими?
«Бундай очиқ мулоқотлар жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни босқичма-босқич ҳал этиш ҳамда аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда» – дейилади ҳокимлик мурожаатида.
Кошки мулоқот очиқ ўтган бўлса эди?«Бу ўлкаларда поездлар мағрибдан машриққа, машриқдан мағрибга пайдарпай қатнайди» деган эди Чингиз Айтматов «Асрга татигулик кун» рўмонида. Шунга ўхшатиб иқтибос ясаймиз: Бу ўлкада мағрибдан машриққа қадар каттаю-кичик амал курсисига ўтирган мулозимнинг соясидан қўрқади. Дарди ҳолини айтолмай ичдан зил кетиб, мум тишлаб яшайверади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг