Бухорода гўшт савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор Назир Нарзуллаев 40 миллион 270 минг сўмлик маҳсулот ҳақи тўланмагани юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган, аммо ҳолатда жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Тадбиркор эса бу қарордан норози бўлиб, Бухоро шаҳар прокуратурасига шикоят қилган.

Элтузарга келиб тушган мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатларга кўра, низо Бухоро шаҳридаги “Dolche vita” ресторани бошқарувчиси сифатида кўрсатилган Жасур Тўраев билан боғлиқ.

Назир Нарзуллаевнинг даъво қилишича, у 2025 йил июль ойларидан бошлаб ресторанга гўшт маҳсулотларини етказиб берган. Дастлаб маҳсулотлар ҳақи кейинроқ тўланиши келишилган, аммо вақт ўтиши билан қарз миқдори ошиб борган.

Мурожаатда айтилишича, 2025 йил август-октябрь ойларида 6 миллион 270 минг сўмлик маҳсулот ҳақи ҳам тўланмаган. Кейинчалик яна маҳсулот олиниб, умумий қарз 40 миллион 270 минг сўмга етган.

Элтузарга тақдим этилган қўлёзма тилхатда ҳам 40 270 000 сўм миқдори қайд этилган. Ҳужжатда пулни 2025 йил 31 декабрга қадар қайтариш мажбурияти ёзилган ва у 2025 йил 5 декабрь санаси билан расмийлаштирилгани кўринади.

Нарзуллаевнинг айтишича, белгиланган муддат ўтганидан кейин ҳам пул қайтарилмаган.

Шундан сўнг у 2026 йил 3 март куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилган.

Аммо 23 март куни ўтказилган терговга қадар текширув натижасида ички ишлар органлари ҳолатни бошқача баҳолаган.

Элтузарга тақдим этилган Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳужжатида Нарзуллаев ва Тўраев ўртасидаги келишмовчилик “фуқаровий ҳуқуқий низо” экани қайд этилган. Ҳужжатда томонлар ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик ва жиноят аломатлари аниқланмагани кўрсатилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди ҳамда 333-моддаси асосида жиноят ишини қўзғатиш рад этилган.

ИИБ Нарзуллаевга пул олди-бердиси масаласини ҳал қилиш учун фуқаролик судига мурожаат қилиш мумкинлигини билдирган.

Бироқ тадбиркор бу хулосага қўшилмаяпти.

Унинг таъкидлашича, масала оддий қарз муносабатидан кўра кенгроқ ўрганилиши керак. Нарзуллаев маҳсулотлар ундан бошиданоқ ҳақини тўламаслик ниятида олинган бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда.

Нарзуллаевнинг сўзларига кўра, Жасур Тўраевдан бошқа гўшт етказиб берувчилар ҳам пулларини ололмаган бўлиши мумкин. Бироқ бу даъвони тасдиқловчи бошқа жабрланувчиларнинг аризалари ёки суд қарорлари Элтузар ихтиёрида мавжуд эмас.

Шунинг учун мазкур маълумот ҳозирча мурожаат муаллифининг даъвоси сифатида баҳоланиши лозим.

Нарзуллаев Бухоро шаҳар прокурорига йўллаган шикоятида айнан шу ҳолатга эътибор қаратган. Унинг фикрича, агар бир шахс бир нечта етказиб берувчидан маҳсулот олиб, ҳақини тўламаган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу ҳолатларни алоҳида-алоҳида “фуқаролик низоси” сифатида эмас, ўзаро боғлиқ равишда текшириши керак.

У прокуратурадан 23 мартда қабул қилинган жиноят иши қўзғатишни рад этиш қарорининг қонунийлигини қайта кўриб чиқишни, ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо беришни ва 40 миллион 270 минг сўмлик маҳсулот ҳақини ундиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.

Айни пайтда Нарзуллаев тақдим этган тилхат, маҳсулот етказиб берилгани ҳақидаги маълумотлар ва бошқа эҳтимолий етказиб берувчилар билан боғлиқ даъволар ҳам текширув доирасида тўлиқ ўрганилган-ўрганилмагани очиқ қолмоқда.

Элтузар Бухоро вилояти прокуратураси ва Бухоро вилояти ИИБдан мазкур мурожаат юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш қарори қайта текшириладими, деган саволга муносабат кутади.