ТЬЮТОРЛАР – УНИВЕРСИТЕТЛАРНИНГ АРЗОНГАРОВ МАРДИКОРИ
Бухоро давлат техника университетида тьюторлар талабалар тарбияси ўрнига чиқинди йиғиш, ҳашар ва хўжалик ишларига жалб этилгани танқид қилинмоқда. Муаллиф бундай мажбурий меҳнат ва ҳисобот учун акцияларни тўхтатишга чақирмоқда.
Бухоро давлат техника университетида тьюторлар талабалар тарбияси, муаммолари ва маънавияти билан шуғулланарди.
Бугун эса қўлида қора пакет билан дарахт тагида чиқинди йиғмоқда.
Университетда боғбонлар, хўжалик ходимлари деган штатлар бор.
Ўзи шундоғам сариқ чақа ойликка педагогнинг вазифасини бажарадиган тъюторларга энди тозалаш ишлари ҳам юкландими?
Эҳтимол, эртага профессорлар ариқ тозалар, доцентлар дарахт оқлар, кафедра мудирлари эса гул экиш бўйича ҳисобот топширар.
Университетнинг асосий вазифаси илм-фан эмас, ҳисобот учун фотосурат тайёрлаш бўлиб қолди. Бу акцияга барча ихтиёрий-мажбурий тартибда жалб этилгани аниқ.
Жизғанак жазирамадан бошқа пайт йўқмиди?
Республика меҳнат инспекциясини айнан олий таълим соҳасидаги мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганишга чорлаймиз.
Чорлаймизу, бундай ҳашардан асл муддао йил давомида бюджет ходимларини банд қилишмикан деб ўйлаб қоламиз.
Ҳурматли тьюторлар, мантиқсиз топшириқлар, бемаъни майнавозчилик ва маъмурий босим ҳақида Элтузарга хабар беринг.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг