БУХОРО ФУҚАРОЛИК СУДИ ФУҚАРОНИ НЕГА САРСОН ҚИЛЯПТИ?
Бухоролик Дилшод Камолов Ромитан туманлараро судида адвокат харажатларини ундиришга доир иш чўзилаётгани, аввалги интизомий жазолар қайта муҳокама қилинаётганини айтмоқда ва Олий суддан ишни бошқа вилоят судига ўтказишни сўрамоқда.
Бухоролик фуқаро фуқаролик ишини бошқа вилоят судига ўтказишни сўраб Олий суд раисига мурожаат қилди.
Бухоро шаҳрида яшовчи Дилшод Камолов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Р. Маҳмудовага фуқаролик ишини бошқа вилоят суди иш юритувига ўтказишни сўраб мурожаат йўллади.
Мурожаатда қайд этилишича, айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судида Бухоро давлат техника университетидан адвокат хизмати учун сарфланган харажатларни ундириш юзасидан 2-2001-2606/20519-сонли фуқаролик иши кўрилмоқда.
Даъвогарнинг билдиришича, Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 8 июндаги ажрими асосида у ишга тикланган. Шу муносабат билан суд жараёнида кўрсатилган юридик ёрдам учун тўланган маблағни ундиришни талаб қиляпти.
Бироқ Дилшод Камоловнинг таъкидлашича, Ромитан туманлараро суди судьяси Дамира Алмасова адвокат харажатларини ундиришга оид ишни кўриш жараёнида аввалги интизомий жазолар ва улар билан боғлиқ ҳолатларни қайта муҳокама қилмоқда. Мурожаат муаллифи бу ҳолат суд жараёнининг чўзилишига сабаб бўлаётганини билдиряпти.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 75-моддасига таяниб, қонуний кучга кирган суд қарори билан аниқланган фактлар худди шу шахслар иштирокидаги бошқа фуқаролик ишларида қайта исботланмаслиги лозим.
Шунингдек, Дилшод Камолов 2024–2026 йиллар давомида ишга тикланиш масаласида Бухоро вилояти судлари фаолияти юзасидан бир неча бор ваколатли органларга ва оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилганини билдиряпти.
Мурожаат муаллифи Олий суд раисидан 2-2001-2606/20519-сонли фуқаролик ишини бошқа вилоят суди иш юритувига ўтказиш масаласини кўриб чиқишни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг