2026 йил 16 март куни Элтузар саҳифаларида Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказидаги эҳтимолий коррупциявий муаммолар ҳақида хабар берилди. Шундан кейин Спорт вазирлиги масъуллари томонидан текширувлар ўтказилди.

Орадан кўп ўтмай, марказнинг аввалги раҳбари 6 апрель куни ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этди. Шу кундан бошлаб Бухоро вилояти спорт бошқармасининг биринчи ўринбосари вазифасини узоқ йиллардан буён бажариб келаётган Р. Қулиев марказга вақтинча раҳбар этиб тайинланди.

Жамоа вакилларининг айтишича, Р. Қулиев йиллар давомида спорт соҳасида адолатли фаолияти, инсонпарварлиги ва коррупцияга муросасиз муносабати билан танилган. Уни яхши танийдиганлар “эшита оладиган раҳбар”, “оддий ходим билан ҳам мулоқот қиладиган инсон”, деб таърифламоқда.

Албатта, ҳар қандай тайинлов давлат идораларининг ваколати доирасида ҳал қилинади.

Спорт соҳасида раҳбар лавозимида “ким тизимга мос бўлса, ўша қолади” деган қараш мавжуд. Яъни ҳалол ишлайдиган, “ейиш-едириш” масаласига қўшилмайдиган кадрларга юқори лавозим ишониб топширилмайди, дейилади.

Бухоро маркази жамоаси эса бошқача йўл бўлиши мумкинлигига ишонмоқда. Улар спорт соҳасида ҳақиқий ўзгариш “кейин” эмас, айнан бугун бошланиши кераклигига ишонади. Чин меҳнат қилган инсонларни қадрлаш, ҳалол раҳбарларни қўллаб-қувватлаш орқали тизим соғломлашишига умид бор. Бухоро вилояти спорт бошқармаси ходимлари янги вақтинчалик раҳбарига ишонч билдиришмоқда.