Бухоро вилоятидаги Мақом санъати мактаб-интернати ўқитувчилари иш ҳақига ёлчимаяпти. Уларнинг маоши ўз вақтида тўланмаётгани билан бирга бухгалтерия ойлик ва бошқа тўловларни кам ҳисоблаяпти.

Йил давомида айрим ходимларнинг иш ҳақидан 2 миллион сўмгача кам тўланган ҳолатлар учради. Таътил пуллари ҳам деярли барча педагогларга белгиланганидан кам миқдорда ҳисоблангани иддао қилинмоқда.

Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 9-сон қарорига мувофиқ махсус фан ўқитувчиларига тўланиши лозим бўлган 20 фоизлик устама ҳам ҳеч қандай асос кўрсатилмасдан берилмаяпти.

Бу масала бир неча бор мактаб раҳбарияти қаршисида муҳокамага қўйилган бўлишига қарамай, муаммони ҳал қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмади.

«Директорга мурожаат қилишнинг фойдаси йўқ. Ҳар сафар “битта одам ҳал қилади” деган жавобни эшитамиз. Аммо муаммо ойлар давомида ҳал бўлмаяпти», — дейилади мурожаатда. Ким ўзи у «ҳал қилгич битта одам»?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда тегишли назорат органларидан бухгалтерия ҳисоб-китобларини текшириш, кам тўланган маблағларни қайта ҳисоблаш ва қонунчиликда белгиланган устамаларнинг тўлиқ тўланишини таъминлаш талаб қилиняпти. Бироқ улар расмий ариза йўқ дея қўл қовуштириб ўтиришни маъқул кўришлари муқаррар.