Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 5-сон оилавий поликлиникасида ишловчи умумий амалиёт шифокорлари ва ҳамширалар умумий амалиёт шифокори Мажидова Зарина Латиповнага нисбатан жиддий эътирозлар билдиришяпти. Катта эҳтимол билан, бу эътирозлар Заринахоннинг ўзига юзма-юз айтилмаган.

Ходимлар бу шифокорни беморлардан ноқонуний пул олиш, айрим дори воситалари ва инъекцияларни муайян фирмалар манфаати учун тавсия қилиш ҳамда бу жараёндан моддий манфаатдор бўлганликда айблашяпти.

«Стандарт бўйича ёзиладиган рецептлар ўрнига беморларга фирмаларнинг қиммат дори ва уколларини тавсия қилиш – инсофсизлик эмасми? Бўлимнинг асосий шифокори ишга келмасдан маош олаётгани ва бу ҳолатга раҳбарият кўз юмишига нима дейсиз?»

Мурожаатда ушбу ҳолатларни холисона текшириш, беморлардан ноқонуний тўлов ундириш, дори воситаларини мажбуран тавсия қилиш ва бошқа эҳтимолий қонунбузилишларга муносабат билдириш талаб қилинмоқда.

Элтузар эса поликлиника раҳбариятига юзланади. Жамоанинг бундай парокандалигига сабаб сизнинг гуруҳбозлигингиз ва лоқайдлигингизми ёки ўзаро шахсий адоват?