Бухоро вилояти Педагогик маҳорат марказида фаолият юритаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар муассаса раҳбарияти фаолияти юзасидан жиддий айбловлар билан Элтузарга мурожаат қилишди. Улар таълимнинг издан чиққанлиги, молиявий ишлардаги шубҳали ҳолатлар ҳамда мунтазам босимдан шикоятчи.

Ўқитувчиларнинг билдиришича, 2025 йил давомида марказ ходимларидан бир неча бор пул йиғилган. Жумладан, 56 нафар эркак ходимнинг ҳар биридан 420 минг сўмдан, 4 нафар қоровулдан 210 минг сўмдан маблағ олингани таъкидланмоқда.

Шунингдек, март ойида барча ходимлардан 70 минг сўмдан қўшимча пул йиғилди.
Манбалар бу йиғимлар ихтиёрий эмас, балки мажбурий бўлганини, уларнинг мақсади ва сарфи бўйича ҳеч қандай расмий маълумот берилмаганини таъкидламоқда.

Марказда бир йилдан ортиқ вақтдан буён бош бухгалтер лавозими бўш, ойликлар эса ташқи мутахассис орқали тарқатилмоқда. Ўқитувчилар маошлари қандай ҳисобланаётгани ҳақида аниқ маълумот ололмаяпти.

Шу билан бирга, 2024–2025 ўқув йилида қайта тайёрлов курсларида дарс берган айрим педагогларга иш ҳақи ўз вақтида тўланмади. Йил якунида айрим ўқитувчилар 200-300 соатгача ортиқча юклама бажарган, аммо ушбу соатлар учун ҳақ тўланмаган.

Марказда доимий ўқитувчилар ўрнига ташқи ўриндошлар жалб қилиниб, улар сони ошиб бормоқда. Айрим ҳолатларда ўриндош ўқитувчиларнинг дарсга келмаслиги, ўқув режасида кўзда тутилмаган машғулотлар ўтказиши ёки дарсларни умуман бекор қилиши каби ҳолатлар кузатиляпти.

Ўқитувчилар марказ раҳбари Акмал Ҳамидовга ўзи дарс ўтмасдан туриб катта ҳажмда дарс соатларини расмийлаштирганини таъкидлашмоқда. Марказда ходимларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиш, камситиш ва босим ўтказиш ҳолатлари доимий тус олган. Устозлар айрим ҳолатларни аудио ва видеоёзувлар билан тасдиқлашлари мумкинлиги билдиришмоқда.

Бухоро вилояти Педагогик маҳорат марказини меҳнат интизоми, молиявий ишлар ва бошқарув этикаси масалалари доирасида тафтиш қилиш зарур.