ОНКОЛОГИЯ МАРКАЗИДА ЮРАККА СТЕНТНИ КИМНИНГ РУХСАТИ БИЛАН ҚЎЙИШМОҚДА?
Бухоро онкология марказида юрак қон томирларига стент қўйиш амалиёти қандай ҳужжатлар асосида ўтказилаётгани бўйича саволлар очиқ қолмоқда. Муассаса ваколати, лицензияси ва молиявий ҳисоботлари юзасидан расмий изоҳ сўралмоқда.
Бухородаги онкология марказида юрак қон томирларига стент ўрнатиш амалиётлари ўтказилаётгани ҳақида Элтузарга маълумот келиб тушди. Мурожаатда ушбу операцияларни Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиологи Феруз Меҳмонов ва унинг жамоаси бажараётгани айтилган. Бироқ таҳририятга мутахассисларни онкология марказига жалб қилиш, коронар стентлашни ўтказиш ва тушган маблағларни ҳисобга олишга асос бўлган расмий ҳужжатлар тақдим этилмади.
Гап инсон ҳаёти билан боғлиқ юқори хавфли амалиёт ҳақида кетмоқда. Шу боис Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро филиали раҳбарияти ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур маълумотларга аниқ ва ҳужжатларга асосланган жавоб бериши керак.
Таҳририят ихтиёрига тақдим этилган мурожаат лойиҳасида онкология марказига ўрнатилган ангиография мажмуаси, аввало, онкологик беморларда эмболизация, кимёэмболизация ва бошқа эндоваскуляр муолажаларни бажариш учун ажратилгани қайд этилган.
Аммо мурожаат муаллифларининг билдиришича, айни муассасада юрак ишемик касаллиги ва ўткир коронар синдром билан оғриган беморларга ҳам коронар интервенцион муолажалар, жумладан, стентлаш амалиётлари ўтказилмоқда.
Ушбу маълумотлар ҳозирча онкология маркази, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан расман тасдиқлангани йўқ.
Операциялар қайси ҳужжат асосида ўтказилмоқда?
Таҳририятга етказилган маълумотга кўра, стентлаш амалиётларини кардиолог Феруз Меҳмонов бошчилигидаги жамоа бажармоқда. Мурожаатда бу ишлар онкология маркази раҳбари Ғафур Саидов билан келишилган ҳолда ташкил этилгани ҳам иддао қилинган.
Бироқ қайси буйруқ ёки шартнома асосида бошқа муассаса шифокорлари онкология марказида ишлаётгани очиқ эмас.
Мутахассислар билан меҳнат, ўриндошлик ёки хизмат кўрсатиш шартномаси тузилганми? Онкология марказининг тасдиқланган хизмат турлари орасида интервенцион кардиология мавжудми? Коронар стентлашни ўтказиш ваколати ким томонидан берилган?
Шунингдек, амалиётдан кейин беморларни кузатадиган ихтисослаштирилган кардиореанимация, оғир асорат рўй берганда шошилинч кардиожарроҳлик ёрдамини кўрсатиш тартиби ва зарур дори-дармон захираси бор-йўқлиги ҳам тушунтирилиши лозим.
Коронар стентлаш фақат ангиография ускунасининг мавжудлиги билан чекланмайди. Бундай амалиёт учун малакали интервенцион кардиологлар, реанимация хизмати, стерил сарф материаллари, беморни танлаш мезонлари, операция олдидан консилиум, ёзма розилик ва тўлиқ тиббий ҳужжатлаштириш тизими талаб этилади.
Инсон юрагида «аввал операцияни қиламиз, кейин ҳужжатини тўғрилаймиз» деган ёндашувга ўрин бўлиши мумкин эмас.
Стентлар қаердан олинган, тўловлар қаерга тушган?
Текширилиши лозим бўлган энг муҳим масалалардан бири – амалиётларда ишлатилган стентлар ва бошқа қимматбаҳо сарф материалларининг келиб чиқиши.
Ҳар бир стентнинг кирим ҳужжати, серия рақами, омбордан чиқарилгани ҳақидаги қайд ва қайси беморга ўрнатилганини тасдиқловчи операция баённомаси бўлиши керак.
Беморлар операция учун пул тўлаган бўлса, маблағ қаерга ва қандай тартибда қабул қилинган? Тўловлар касса ҳамда бухгалтерия ҳисобида тўлиқ акс этганми? Операция ўтказган шифокорларга ҳақ тўлаш қандай расмийлаштирилган?
Операциялар журналидаги маълумотларни ангиография ускунасининг рақамли DICOM архиви билан таққослаш ҳам ўтказилган амалиётларнинг ҳақиқий сонини аниқлашга ёрдам беради.
Мурожаат муаллифлари стентлаш ортидан катта миқдорда норасмий даромад олинаётган бўлиши мумкинлигини иддао қилган. Бироқ Элтузарда ҳозирча бу даъвони тасдиқловчи молиявий ҳужжатлар мавжуд эмас. Шу сабаб даромад, улуш ёки коррупцион келишув ҳақида қатъий хулоса чиқариш ваколатли органларнинг текширувисиз мумкин эмас.
Амалдаги қонунчилик нима дейди?
Мурожаатда тиббий фаолиятни лицензиялашга оид 2012 йил 29 мартдаги 92-сон қарорга ҳавола берилган. Бироқ мазкур қарор 2025 йил 16 декабрдан ўз кучини йўқотган.
Амалдаги қонунчиликда тиббий фаолият лицензияланадиган йўналишлар қаторига киритилган ва лицензия тиббий фаолият амалга ошириладиган ихтисослик турлари бўйича берилиши белгиланган. Бу соҳада ваколатли орган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган тартиб лицензия талаб этиладиган фаолият билан тегишли лицензиясиз шуғулланишни тақиқлайди. Лицензия муайян фаолият тури ёки унинг кичик турини белгиланган талабларга риоя этган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқини беради.
2026 йил 5 майда қабул қилинган ПФ-74-сон фармонга кўра, тиббий фаолиятнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини, шунингдек, лицензиясиз фаолият юритилаётганини текшириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази ваколатига киритилган.
Шу куни қабул қилинган ПҚ-170-сон қарорда эса давлат тиббиёт муассасаларини ҳам лицензия талаблари ва шартларига мослаштириш, уларни хатловдан ўтказиш ҳамда тиббий хизмат сифатини электрон тизим орқали назорат қилиш чоралари белгиланган.
Демак, муассасанинг давлатга тегишли экани унга исталган тиббий амалиётни ҳужжатсиз ёки тегишли клиник шароитларсиз ўтказиш ҳуқуқини бермайди.
қонуний ва хавфсиз ўтказилган бўлса, буйруқлар, шартномалар ва ҳисоботлар кўрсатилсин.
Агар қонунбузилиш аниқланса, беморлар ҳаётини хавф остига қўяётган амалиётлар тўхтатилиб, ҳар бир масъул шахснинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилсин.
Чунки ҳужжатсиз тиббий амалиётнинг энг катта қурбони қоғоз эмас — бемор бўлиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг