Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг бир гуруҳ ходимлари марказдаги иш муҳити ва бошқарувдаги қўпол хатолар юзасидан Элтузарга мурожаат билан чиқди.

Ходимларнинг таъкидлашича, марказга янги раҳбар тайинланганидан сўнг жамоада адолат қарор топиши ва соғлом меҳнат муҳити шаклланишига катта умид бор эди. Бироқ кутилган ижобий ўзгаришлар амалга ошмади, жамоада муҳит оғирлашиб, ходимларнинг эртанги кунга ишончи пасайган, улар ўз фикрини эркин билдиришдан хавфсираб қолишган.

Баходир Шамсиев расман лавозимда бўлмаса-да, қарорлар ва иш жараёнларига таъсир ўтказяпти. Бу ҳолат янги раҳбарнинг мустақил фаолият юритишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, айрим ходимлар Баходир Шамсиев аттестация жараёнларига аралашаётганини иддао қилмоқда. Улар бу ҳолат айрим ўқувчиларнинг аттестациядан ўта олмаслигига, ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида хавотир пайдо бўлишига ҳамда ўқув-машғулот жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган.

Шунингдек, Кадрлар бўлими бошлиғи Раъно Зулфиқарованинг хизмат фаолияти ҳам тегишли тартибда ўрганилиши лозим. Ходимларга кўра, меҳнат қонунчилиги, кадрлар билан ишлаш, буйруқ ва хизмат ҳужжатларини расмийлаштириш борасида жиддий камчиликлар бор.

Айни дамда жамоада ишончсизлик урчиган. Уларнинг Кадрлар бўлимига мурожаатлари кўриб чиқилмасдан, раҳбар қабулига бориш тавсия этилади.

Умуман олганда, собиқ раҳбарнинг ташкилотда қолиши конфликтлар ва гуруҳбозликни келтириб чиқаради. Айнан ўзбек миллий контекстида эски раҳбарнинг иш жараёнига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиш шарт.