Аму–Бухоро машина канали ишчилари Элтузарга хабар беришича, 20 июль кунидан буён Қоровулбозор ва Қуйимозор насос станцияларидаги насос агрегатларининг ҳатто 50 фоиз қувватини ҳам ишга тушириш имкони бўлмаяпти.

Бу ҳолатга реконструкция ишларининг сифатсиз бажарилгани сабаб бўлди. Айни вегетация мавсумида носозликлар туфайли икки насос станцияси ходимлари деярли дам олмасдан ишлашга мажбур қолишди.

Иддаоларга кўра, ушбу муаммо сув хўжалиги вазирлигидан яшириляпти, Осиё тараққиёт банки кредити ҳисобидан амалга оширилган лойиҳада Хитой компанияси томонидан йўл қўйилган камчиликлар оқибатида Бухоро ва Навоий вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги сувсиз қақшаяпти.

Миробларнинг ҳисоб-китобига кўра, муаммо бартараф этилмаса, ўртача 150 минг гектар суғориладиган ер майдони сув таъминоти билан боғлиқ жиддий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

Сув хўжалиги вазирлиги, тегишли бошқармалар ҳамда масъул ташкилотлар масалага жиддий ёндашиб зудлик билан чора кўришлари шарт.