Бухоро шаҳридаги «Карвон» бозорида 3 октябрь куни кечқурун содир бўлган йирик ёнғин тадбиркорларнинг мол-мулкига жиддий зарар етказган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин ҳақида хабар соат 21:49 да келиб тушган, соат 23:45 дан 4 октябрь куни 00:12 гача тўлиқ бартараф этилган. Ҳозирча ёнғин сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Ҳалича аниқланмади.

Қизиғи шундаки, тадбиркорлар бозордаги зарарни ва табмирлаш ишларига Бухоро шаҳар ҳокимидан ёрдам машраб боришган. Шаҳар ҳокими бюджетда маблағ йўқлигини баҳона қилган. Масала вилоят ҳокимлигига олиб чиқилганда эса, гўёки “бу иш йиллик режага киритилмаган” деган мазмунда жавоб берилган.

Энди савол туғилади агар бирор объектда хавфсизлик ёки таъмирлаш муаммоси ҳақида олдиндан мурожаат қилинган бўлса, уни йиллик режага киритилмагани сабабли кейинга қолдириш қанчалик тўғри? Ёки ҳокимликларнинг вазифаси фақат йил бошида режа тузиб, шу режада бор бандларни бажаришдан иборатми? Аҳоли ва тадбиркорлар мурожаати асосида хавфни ўрганиш, зарур чораларни белгилаш ва имкони бўлса, фожианинг олдини олиш ҳам маҳаллий ҳокимиятнинг масъулияти эмасми?

Энг ачинарлиси, бу ерда масала оддий таъмирлаш харажати ҳақида эмас. Гап юзлаб тадбиркорларнинг йиллар давомида қилган меҳнати, мол-мулки ва тирикчилик манбаи ҳақида кетмоқда.

Энди энг муҳими айбдор қидиришдан кўра, ушбу ҳолатдан хулоса чиқариш. “Карвон” бозоридаги ёнғин масъул идоралар учун жиддий сигнал бўлиши керак. Тадбиркор мурожаати қоғозда қолиб кетмаслиги, “маблағ йўқ” ёки “режага киритилмаган” деган жавоблар ортида хавфли муаммолар яширилмаслиги лозим. Чунки бу бозор кунига минглаб ҳорижий сайёҳлар келадиган туризм бозорча эди. Буни ҳам ҳокимлар алоҳида инобатга олишлари лозим эди аслида.