Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Таҳририятга тақдим этилган ҳужжатда эса ҳар бир ходим муайян лойиҳалар учун камида 10 тадан овоз йиғиши “ШАРТ” экани кўрсатилган.

Ҳужжатда қайси бошқарма ва туман ИИБ қанча овоз йиғиши кераклигигача ҳисоблаб чиқилган, раҳбарларга шахсий назорат юклатилган ва натижаларни жамлаш учун алоҳида масъул ходим ҳам белгиланган.

Элтузарга маълумот юборган манба вазиятни шундай изоҳлаган:

“Бухоро вилояти ИИБ ходимлари Open Budget’га овоз йиғиш учун мажбурланмоқда. Бу қанчалик қонуний? Бунақа аҳмоқгарчиликлар қачон тугайди?”

Таҳририятга тақдим этилган “Ташаббусли бюджет 2-босқичи бўйича шаҳар-туман ИИБ ҳамда хизмат соҳалари кесимида овозларни йиғиш тақсимоти” номли ҳужжат Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник И.Н. Турсунов номи билан тасдиқланган.

Жадвалда вилоят ички ишлар тизимидаги 49 та бошқарма, хизмат ва ҳудудий ИИБ учун аниқ овоз режаси белгиланган. Элтузар ҳисоб-китобига кўра, улар зиммасига жами 45 490 та овоз йиғиш вазифаси қўйилган.

Масалан, Бухоро шаҳар ИИОФМБ – 7 010 та, Қўриқлаш хизмати – 3 900 та, Ромитан туман ИИБ – 3 170 та, ИХХБ – 2 870 та, Шофиркон туман ИИБ – 2 820 та, Когон туман ИИБ – 2 760 та, Ғиждувон туман ИИБ эса 2 600 та овоз йиғиши кўрсатилган.

Манба тақдим этган топшириқ матнида ҳар бир шахсий таркиб ходимининг мазкур лойиҳалар учун “10 тадан кам бўлмаган миқдорда овоз бериши ШАРТ” деган талаб бор.

Ҳужжатда овоз бериш жараёнини шаҳар-туман ИИБлари ва хизматларнинг биринчи раҳбарлари шахсан назорат қилиши, ижрони таъминлаш маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларга юклатилиши, умумий натижаларни эса вилоят ИИБ ходими Ойбек Увайзов жамлаб, таҳлил қилиши кўрсатилган.

Яъни тизим деярли классик “план – ижрочи – назоратчи – ҳисобот” шаклига келтирилган.

“Ташаббусли бюджет”нинг мазмун-моҳияти эса айнан бунинг тескариси – фуқаро қайси лойиҳага овоз беришни ўзи эркин танлаши керак.

Бундан ҳам муҳими, Ўзбекистонда бу масала бўйича расмий тақиқ мавжуд. Президентнинг PQ–117-сон қарорига мувофиқ, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида бюджет ташкилотлари раҳбарларининг ходимларга мажбурий овоз йиғиш бўйича топшириқ бериши тақиқланган. Расмий тушунтиришларда бундай ҳаракат ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланиши қайд этилган.

2026 йил март ойида “Ochiq budjet” портали ҳам овоз йиғишга мажбурлаш ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш деб баҳоланишини, бундай усулда овоз тўпланган лойиҳалар ҳатто овоз бериш босқичидан четлатилиши мумкинлигини яна бир бор эслатган.

Элтузарга йўлланган маълумотда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи вилоят бўйича аралаш жанг санъати – IMMAF ва волейбол спорт турлари раиси экани, овоз йиғилаётган лойиҳалар эса айнан шу спорт турларига оид майдончалар қуришни назарда тутиши айтилган.

Хўш, мансабдорнинг ўзи раҳбарлик қиладиган спорт йўналишларига оид лойиҳалар учун қўл остидаги ходимларга овоз “плани” бериш манфаатлар тўқнашуви аломатларини келтириб чиқармайдими?

Бу усул “Ташаббусли бюджет”ни аҳоли ташаббусидан кўра маъмурий ресурслар мусобақасига айлантириб қўйиш хавфини туғдиради. Бир туманда аҳоли ўз маҳалласи учун ихтиёрий равишда овоз қидираётган бир пайтда, бошқа лойиҳа ортида минглаб ходимдан иборат давлат тизими “план” асосида ишласа, бундай рақобатни тенг деб аташ қийин.

Давлат идорасида ишлайдиган ходим раҳбар топшириғини бажармаса, бу унинг хизмат фаолиятига қандай таъсир қилишини ўйламай қолмайди. Бундай шароитда берилган “топшириқ”ни ихтиёрий ҳаракат деб кўрсатиш камида баҳсли.

Расмий идоралар “Ташаббусли бюджет”да овоз бериш ихтиёрий эканини таъкидлаб келади. 2026 йилда ҳам давлат органлари ушбу принципни яна бир бор эслатган.