«УНИ КИМ ҲИМОЯ ҚИЛЯПТИ?» БУХОРОДАГИ ҲАРБИЙЛАР КОМАНДИРДАН НОРОЗИ
Бухородаги Мудофаа вазирлигига қарашли 28803-сонли ҳарбий қисм хизматчилари қисм командири подполковник А.Тўражоновнинг бошқарув услуби ва муносабатидан норозилик билдирди. Улар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар кўпайгани, ёрдамчи хўжаликда шаффофлик йўқлигини иддао қилмоқда.
Бухоро шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли 28803-сонли ҳарбий қисмда хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар таҳририятга мурожаат қилиб, қисм командири подполковник А. Тўражоновнинг бошқарув услуби ва бўйсунувидаги ходимларга муносабатидан шикоят қилди.
Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, командир ҳарбий хизматчиларнинг муаммоларини тингламайди, улар билан қўпол муомала қилади ва жамоадаги муаммоларни ҳал қилиш ўрнига вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
«Бўйсунувидаги ҳарбий хизматчиларни инсон ўрнида кўрмайди. Муаммоларни эшитиб, ечим топиш ўрнига янги муаммолар яратиб беради», – дейилади мурожаатда.
Шикоятчилар ҳарбий қисмда сўнгги вақтларда жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, ҳарбий мулкни талон-торож қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар кўпайганини иддао қилмоқда. Мурожаатда бу кўрсаткичлар «200 фоизга ошгани» айтилган, бироқ таҳририятга ушбу рақамни тасдиқловчи расмий статистика ёки ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Мурожаатда ҳарбий қисмга қарашли ёрдамчи хўжалик фаолияти юзасидан ҳам жиддий даъволар билдирилган. Хусусан, хўжаликда ҳисоб-китобларга киритилмаган йирик ва майда шохли чорва моллари ҳамда паррандалар борлиги, улардан олинаётган даромад айрим шахслар орқали ўзлаштирилаётгани гумон қилинмоқда.
Шикоят муаллифлари Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондонлиги ва Мудофаа вазирлиги раҳбариятидан вазиятни холис ўрганиш, ҳарбий қисмдаги муҳит, ҳуқуқбузарликлар статистикаси ва ёрдамчи хўжалик ҳисоб-китобларини текширишни сўрамоқда.
Мурожаатда тилга олинган барча ҳолатлар – шикоятчиларнинг даъволари. Элтузар уларни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. Қонунга кўра, шахснинг айби ваколатли орган текшируви ва қонуний кучга кирган суд ҳукмисиз исботланган ҳисобланмайди.
Таҳририят Мудофаа вазирлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда подполковник А. Тўражоновга ушбу даъволар юзасидан муносабат билдириш имконини беради. Расмий изоҳ ёки раддия тақдим этилса, у ҳам эълон қилинади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг