Бухоро давлат техника университетида бир қатор ходимларга штат қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида расмий огоҳлантириш хатлари тутқазилди.

Огоҳлантириш хатларида университетнинг 2026 йил иккинчи чораги учун тасдиқланган штатлар жадвали асос қилиб кўрсатилган. Бироқ ушбу қарор университетда яқинда айрим раҳбар ва ходимларга катта миқдордаги мукофот ва рағбатлантириш пуллари ажратилгани ҳақидаги маълумотлар фонида қатор саволларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, олийгоҳда молиявий имкониятлар чекланган бўлса, нега раҳбарият ва унга яқин ходимларга миллионлаб сўмлик мукофотлар тўлаб берилди? Агар штатлар ҳақиқатан қисқарган бўлса, нима учун кераксиз лавозимлар сақланиб қолиб, янги тайинловлар амалга оширилган?

Огоҳлантириш хатини олган ходимлар орасида аввалроқ меҳнат ҳуқуқлари юзасидан ўз позициясини билдирган шахслар ҳам бор. Демак, раҳбарият қисқартириш баҳонасида тозалаш бошлади.

Меҳнат қонунчилигига кўра, штатлар қисқариши меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қонуний асос ҳисобланади. Бироқ мазкур механизм муайян ходимларга босим ўтказиш ёки уларни ишдан четлатиш воситаси сифатида қўлланмаслиги лозим.

Ҳозирча университет раҳбарияти ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермади. Масала юзасидан мустақил ва холис текширув ўтказилиши ушбу қарорлар қонунчилик талабларига мувофиқ қабул қилинганми ёки йўқми, деган саволларга ойдинлик киритиши шарт.