БУХОРО ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИДА ХОДИМЛАР 42 БАРОБАРГАЧА МУКОФОТЛАНДИ
Бухоро давлат техника университетида айрим ходимлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 42 баробаригача мукофот олди. Аммо мукофотлаш мезонлари ва айрим шахсларнинг такроран рағбатлантирилиши жамоада саволлар ва шаффофликка оид талабларни кучайтирди.
Барча давлат ОТТларида ўқитувчилар CPI, «10/30» бўйича устама учун йил бўйи тер тўкаётган бир пайтда Бухоро давлат техника университетида 2026 йил май ойида қабул қилинган буйруқлардан бирида айрим ходимларни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 42 баробаригача моддий рағбатлантириш белгиланди.
Хўш, бундай саҳоватнинг қайноғи нима? Буйруқларда келтирилган маълумотларга кўра, университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректор вазифасини бажарувчи Муроджон Джураев меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 8 ва 10 баробари миқдорида мукофотланди. Регистратор офиси бошлиғи Умида Раҳматова 10 баробар, хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Фаррух Шаропов ҳамда маълумотлар базаси бўлими бошлиғи Зилола Имомова 8 баробар миқдорда рағбатлантирилди.
Шу билан бирга, Рақамли таълим технологиялари марказининг айрим ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 42 баробаригача бўлган мукофотлар белгилангани қайд этилган.
Бундай мукофотлашнинг аниқ мезонлари қандай? Нима учун бир ой ичида турли буйруқлар билан бир хил шахслар такроран рағбатлантирилган? Мукофот олиш учун қандай натижаларга эришиш талаб этилади ва бу мезонлар нега барча ходимлар учун очиқ эълон қилинмаган? Шу саволлар жамоани зериктириб юборди.
Университетда юзлаб профессор-ўқитувчилар таълим сифати, илмий тадқиқотлар ва талабалар тайёргарлиги учун масъул ҳисобланади. Шу боис айрим ходимларга ўнлаб баробар мукофотлар берилиши асослари ва самарадорлик кўрсаткичлари юзасидан расмий тушунтириш берилиши лозим.
Давлат олий таълим ташкилотида ажратилаётган ҳар қандай рағбатлантириш маблағлари жамоатчилик назорати ва шаффофлик тамойиллари асосида баҳоланиши керак, таомиллар шундай.
Мукофотлар ҳақиқатдан ҳам юқори натижалар учун берилган бўлса, буни тасдиқловчи мезонлар ва ҳисоб-китобларни очиқ эълон қилишса жамоада ҳеч қандай савол қолмайди. Ошинг ҳалол бўлса, ошкора ич нақлига монанд университет раҳбариятидан шаффоф ахборот кутилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг