БУХОРО ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ КОРРУПЦИОН МОЖАРОЛАР МАРКАЗИДА
Бухоро давлат техника университети ҳақида таҳририятга келган мурожаатда HEMIS тизими орқали имтиҳон баҳоларини сунъий расмийлаштириш, пул эвазига «ўтказиш», раҳбар ходимларнинг қимматбаҳо автомашиналари ва диссертация ҳимоясига оид саволлар баён этилган.
Таҳририятимизга Бухоро давлат техника университетидаги ўқув жараёни ва раҳбар кадрлар фаолиятига оид навбатдаги мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи университетда HEMIS ахборот тизими орқали баҳолар қонуний тартибда қўйилмагани ва коррупция ҳолатлари содир бўлганини иддао қилмоқда.
Мурожаатда таъкидланишича, 2022–2024 йилларда айрим сиртқи таълим талабалари имтиҳонларда иштирок этмаган бўлса-да, HEMIS тизими орқали уларга ижобий баҳолар киритилган. Муаллифнинг иддаосига кўра, ўша даврда айрим деканлар ва ўқув ишлари бўйича декан ўринбосарлари ўқитувчиларнинг логин ва паролларидан фойдаланиб, 500–1000 АҚШ доллари эвазига юзлаб талабаларнинг баҳоларини сунъий равишда расмийлаштирган.
Шунингдек, мурожаатда ушбу даврда раҳбар ходимларнинг қимматбаҳо автомашиналар сотиб олгани ҳамда собиқ ўқув ишлари бўйича проректор Азиз Ҳожиевнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси қонунчилик талабларига қанчалик мос келгани юзасидан ҳам саволлар ўртага ташланяпти.
Университет раҳбарияти, коррупцияга қарши ички назорат тизими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли органларни ушбу ҳолатларни ҳар томонлама текширишга чақирамиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг