БУХОРОДА БОҒЧА БОЛАЛАРИГА ЧИРИГАН ГЎШТ РАВО КЎРИЛМОҚДА
Бухоро вилоятидаги бир қатор боғча ходимлари болаларга «Ғанибобо-98» фермер хўжалиги орқали етказилаётган гўшт чириган ҳолда келаётгани, ҳиди ёмон ва санитар талабларга жавоб бермаслиги ҳақида билдирмоқда, идоралардан расмий изоҳ сўралмоқда.
Бухоро вилоятида Когон, Қоракўл, Ромитан ва Бухоро шаҳридаги бир қатор боғча ходимлари Элтузарга мурожаат қилиб, болалар учун етказиб берилаётган гўшт сифати ўта ёмонлигини билдиришмоқда.
8 июнь кунидан бошлаб боғчаларга «Ғанибобо-98» фермер хўжалигидан гўшт етказиб бериш бошланган. Аммо бу гўштнинг кўриниши, ҳиди ва сифати ходимларнинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда.
«Гўшт аввал музлатилган, кейин қайта эритилганга ўхшайди. Ранги қорайган, ҳиди ёмон. Қозонга солинганда ҳам сасиб кетади, пишмайди», дейди мурожаатчилардан бири.
Боғча ходимлари маҳсулотни қабул қилишдан бош тортмоқчи бўлганида, уларга бу масала юқоридан ҳал қилингани, гўштни қабул қилиш шартлиги уқтирилган.
Етказиб берилаётган маҳсулот «Бухоро Агрокластер» МЧЖга тегишли бўлиб, унинг тарқатилишига айрим мансабдорлар ҳомийлик қилаётган бўлиши мумкин.
Гўшт ҳақиқатдан ҳам сифатли бўлса, нега уни қабул қилишга мажбурлаш керак?Маҳсулот санитар талабларга жавоб берса, нега унинг ҳиди ва ҳолатидан боғча ошпазлари норози?
Иддаоларга кўра гўшт етказиб берилаётган корхонага боғлиқ фермаларда чорва касалликлари кузатилган ва айрим ҳайвонлар мажбурий сўйилган. Бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмади. Аммо айнан шу сабабли ветеринария хизмати, Санэпидқўмита ва прокуратура бу масалага зудлик билан муносабат билдириши лозим. Гап минглаб болалар ҳар куни истеъмол қилаётган озиқ-овқат ҳақида кетмоқда.
Боғча боласи сифатсиз маҳсулотни четга суриб қўёлмайди. Қорни оч болага берса, шуни ейди. Шунинг учун давлат тизимида ишлайдиган ҳар бир амалдор, ҳар бир таъминотчи ва ҳар бир назоратчи биринчи навбатда ўз фарзандини шу боғчага қатнаётгандек муносабатда бўлиши шарт. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ветеринария қўмитаси ҳамда Бош прокуратурадан мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ кутиб қоламиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг