Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 5-сон оилавий поликлиникаси шифокорларининг Элтузарга мурожаатидан сўнг Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, мақолада келтирилган важлар ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида умумий амалиёт шифокори Мажидова Зарина Латиповнанинг фаолияти билан боғлиқ қатор жиддий камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани маълум бўлди. Бироқ камчиликлар бўйича қандай чора кўрилди ва уларнинг такрорланмаслиги қандай таъминланади? Мана шу масала мавҳум қоляпти.

Маълум бўлишича, поликлиника бош врачи вазифасини бажарувчи лавозимидан бўшатилган. Асосий эътирозлар билдирилган шифокор Мажидова Зарина Латиповна ўз ўрнида қолди. Йиғилишдан сўнг шифокор Мажидованинг ҳамкасблари олдида текширув натижаларини менсимаётгандек муносабатда бўлиб, «Облздравни ҳам қўлидан **** ҳам келмади», мазмунида гаплар билан мақтаниб, кулиб ўтиргани жамоа аъзоларининг норозилигига сабаб бўлди.

Текширув давомида ҳақиқатдан ҳам жиддий камчиликлар аниқланган бўлса, уларнинг моҳияти ва ҳуқуқий баҳоси жамоатчиликка очиқ тушунтирилиши керак эмасми?

Жамоа Мажидова Зарина Латиповнанинг клиник ва назарий билими АРГОС тизими орқали тест синовидан ўтказишни талаб қилишмоқда. Бу унинг касбий билими ва малакасини холис баҳолаш имконини беради. Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари бўйича қандай чоралар кўрилгани ҳақида расмий маълумот берилиши керак.

Элтузар ҳеч кимга асоссиз айб қўйиш тарафдори эмас. Фақат текширув натижасида аниқланган ҳолатларга қонуний, холис ва адолатли баҳо берилиши шарт, жамоа бир ходимнинг саводсизлиги ва унга кўрсатилаётган имтиёзли муносабатдан азият чекмаслиги лозим.