Бухоро гарнизонида жойлашган 28803-сонли ҳарбий қисмда июль ойидан бошлаб ҳарбий хизматчиларга нисбатан босим ва мажбурий ротация билан қўрқитиш авж олди. Бу ҳақида Элтузарга қисм хизматчилари хабар бермоқда

Мурожаатга кўра, Мудофаа вазирлиги томонидан ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган инспекторлик текшируви олдидан ташкиллаштириляпти. Жисмоний кўрсаткичлари паст деб баҳоланаётган айрим ҳарбий хизматчиларга босим ўтказилиб, улардан билдирги ёздириш ва бошқа вилоятлардаги ҳарбий қисмларга ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Кетганларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида бошқа вилоятларда тинч хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ҳам ротация тартибида 28803-сонли ҳарбий қисмга ўтказиляпти.

Бу ҳолат албатта ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари эътирозига сабаб бўлаюяпти. Ўқув йили бошланган пайтда фарзандларни бошқа мактабга ўтказиш, янги жойдан ижара уй топиш ва янги муҳитга мослашиш осонми? Бу масала «инноватор» раҳбариятни қизиқтирмайди.

Ҳарбийлар 28803-сонли ҳарбий қисм командири, подполковник А. Тўражоновга мурожаат қилиб, оддий инспекторлик текшируви олдидан шахсий таркибни алмаштириш муаммонинг ҳақиқий ечими эмаслигини таъкидлашяпти.

«Шахсий таркибни ҳам эшита билиш, улар учун қулай хизмат шароитлари яратиш, ўз устида ишлашлари учун вақт ажратиш, беҳуда мажлис ва мақсадсиз йиғилишларни камайтириш, уларнинг муаммоларини эшита билиш керак», – дейилади мурожаатда.

Афсуски, янги Ўзбекистоннинг эски андозадаги ҳарбий мулозимлари бу ҳақиқатни тан олишни истамайди. Агар бу хулоса нохолис бўлса, мантиқсиз ротация бўйича Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий қисм раҳбариятининг расмий муносабатини кутамиз.