Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 27-сонли умумтаълим мактабининг спорт майдони масаласи юзасидан олти йилдан бери судма-суд юриб келаётган ўқитувчилар жамоаси Элтузар мухбири жамоасидан ушбу ҳолатни холисона ўрганиб, жамоатчиликка ёритишни сўрамоқда.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, мактабга тегишли ер майдони бўйича барча зарур ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин. Уларнинг фикрича, маъмурий ишлар бўйича Олий суднинг 2025 йил 29 августдаги қарори билан мактаб ери балансга қайтарилган. Бироқ Ромитан тумани ва вилоят фуқаролик судларида прокуратура протести инобатга олинмагани ҳамда иш бўйича нотўғри қарор қабул қилинган.

Ушбу масала юзасидан маҳалла фуқаролари, мактаб жамоаси, шунингдек, аввалги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Т. Чориевга, вилоят ҳокимлиги, прокуратураси ва Президент Администрациясига мурожаатлар йўлланган.

Мурожаатчилар мактаб директори вазифасини амалда ўқитувчи бажараётганини ҳам таъкидламоқда. Улар ишга оид ҳужжатларни тақдим этишга тайёр эканини билдириб, ваколатли идоралардан ҳолатни атрофлича текшириш ва қонуний баҳо беришни талаб қилишяпти. Бу ҳолат юзасидан суд қарорлари, прокуратура протести ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш орқали воқеанинг ҳуқуқий жиҳатларига ойдинлик киритиш мумкин.