ГАЗ БАЛОН УСТИДАН ЖАНЖАЛ
Булунғур туманида спиртли ичимлик истеъмол қилган шахс хизмат вазифасини бажараётган газ таъминоти ходимини ҳақорат қилди. Суд унга иш ҳақининг бир қисмини ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Булунғур туманида маст ҳолда газ таъминоти ходимини хизмат вазифасини бажараётган вақтида ҳақорат қилган бетоқат шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилди.
Суд ҳужжатига кўра, У. Х. 2026 йил 16 январь куни соат 15:30 лар атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда «Чўянтепа» МФЙ ҳудудида аҳолига суюлтирилган газ балонларини тарқатаётган «Булунғуртумангаз» газ таъминоти бўлими чилангари Миршод Холиқовдан газ балонини яшаш уйига киритиб беришни талаб қилган.
Шундан сўнг у хизмат вазифасини бажараётган ходимни ҳақорат қилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлаган.
Суд мажлисида У. Х. айбига тўлиқ иқрор бўлган ва воқеа куни уйида бир шиша ароқ ичганини билдирди.
Суд У. Х. га иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Газ балон қимматга тушди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг