БОЙСУНДА БИР КЎПРИК БУТУН МАҲАЛЛАНИ ХАВОТИРГА СОЛМОҚДА
Бойсун тумани Хўжабулғон маҳалласини “Термиз-Бойсун” йўли билан боғловчи кўприк ҳар куни болалар ҳаёти учун хавф туғдирмоқда. Аҳоли йиллар давомида мурожаат қилса-да, муаммо ҳалигача ҳал этилмаган.
Бойсун тумани Хўжабулғон маҳалласи аҳолиси хавфли ҳолатдаги кўприк юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилмоқда.
Маълум қилинишича, маҳаллани “Термиз-Бойсун” автомобиль йўли билан боғлаб турувчи кўприк анчадан буён ночор аҳволга келиб қолган. Ёғингарчилик кунларида, айниқса баҳор ойларида дарёдан келадиган сел оқими кўприкни янада емириб, ундан фойдаланишни кундан кунга қийинлаштирмоқда.
Аҳолини энг кўп хавотирга солаётган жиҳат шундаки, ушбу кўприкдан ҳар куни болалар мактаб ва боғчага қатнайди. Кўприк атрофида етарли ҳимоя тўсиқлари ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли ёмғирли ва қорли кунларда ота-оналар фарзандларини хавотир билан йўлга чиқаришга мажбур бўлмоқда.
Маҳалла аҳлининг айтишича, баъзи пайтларда болалар кўприкдан эсон-омон ўтиб олиши учун қишлоқ аҳолиси навбатчилик ҳам қилган.
“Ушбу муаммо бўйича туман ва вилоят ҳокимликларига йиллар давомида бир неча бор мурожаат қилганмиз. Аммо ҳозирча тайинли натижа бўлмаяпти. Мутасаддилардан мазкур масалани кечиктирмасдан ҳал этишларини сўраймиз”, дейилади мурожаатда.
(Видеодаги ҳолат шу йилнинг 23 апрель куни содир бўлган)
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг