БОЁВУТ ҒАЛЛА ЎРИМ МАВСУМИГА ТАЙЁР ЭМАС
Сирдарёнинг Боёвут тумани ғалла ўрим-йиғимига етарлича тайёр эмас: ер майдонлари ва ҳосилдорлик бўйича нотўғри рақамлар, комбайнлар ҳаракатидаги тартибсизлик туфайли ўрим ишлари деярли тўхтаб қолгани айтилмоқда.
Ғалла ўрим-йиғими бошланганига бир ҳафта ҳам тўлмасдан Сирдарё вилоёти Боёвут туманида ишлар издан чиқди. Тумандаги далалар ҳажми, ҳосилдорлик кўрсаткичлари ва комбайнлар ҳаракатига оид маълумотлар ўртасидаги тафовутлар туфайли ўрим ишлари деярли тўхтаб қолди.
Фермер хўжаликларига тегишли ер майдонлари ҳақидаги маълумотлар ишчи ҳужжатларда нотўғри қайд этилган. Ҳосил етилиб турган майдонларга техника ўз вақтида етиб бормаяпти, бошқа далаларда бир вақтнинг ўзида бир нечта комбайн ишлаяпти. Бир хўжалик ўрим навбатини кутиб қолган бўлса, бошқаси белгиланган муддатдан анча олдин хизматдан фойдаланди.
Ғалла мавсумида ҳар бир рақам жиддий аҳамиятга эга. Майдон ёки ҳосилдорлик бўйича йўл қўйилган кичик хато ҳам комбайнлар ҳаракати, ёнилғи тақсимоти, ишчи кучи ва якуний натижаларга занжирсимон таъсир кўрсатиши тайин.
Ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, техникани электрон навбат асосида тақсимлаш ва барча маълумотларни мустақил мониторинг қилиш тизимини жорий этиш зарур.
Ишни бошқариш дегани фермерни қўрқитиш ва босим қилиш билан битмайди. Фермерлар иддаосига кўра, нотўғри кўрсаткичлар Зафар Холиқбердиев томонидан тизимга киритилган. Ҳоким Ниёз Ҳазратқулов қишлоқ хўжалиги соҳасини тушунмагани боис жиддий хатолар келиб чиқяпти, дейди деҳқонлар. Агроинспекция Сирдарё вилояти кўрсаткичларини назратга олиб, ишни тўғри йўлга қўймаса ҳосил увол бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг