СИЁСИЙ ҚАРАШЛАРИ УЧУН ОТИБ ЎЛДИРИЛГАН БОРИС НЕМЦОВНИНГ ҚИЗИ ЖАННА НЕМЦОВА «ХОРИЖИЙ АГЕНТ» ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ
Россия Адлия вазирлиги отиб ўлдирилган мухолифатчи Борис Немцовнинг қизи, журналист Жанна Немцовани «хорижий агент» деб эълон қилди. У Россия сиёсати ҳақида «ишончсиз маълумотлар» тарқатиш ва Украина урушига қарши чиққанликда айбланмоқда.
Россия Адлия вазирлиги 2 октябрь куни сиёсатчи Борис Немцовнинг қизи, журналист ва жамоат арбоби Жанна Немцовани «хорижий агентлар» реестрига киритди. Шунингдек, Рустам Хужаев ҳамда «Команда Навального» ва «Реанимация» ахборот ресурслари ҳам қора рўйхатга қўшилди. Вазирлик Жанна Немцова Россия ҳокимияти қарорлари ва сиёсати ҳақида «ишончсиз маълумотлар» тарқатгани, Украинадаги урушга қарши чиққанини асос сифатида келтирди.
БОРИС НЕМЦОВ КИМ ЭДИ?
Борис Немцов 1990-2000 йилларда Россия сиёсатининг таниқли арбобларидан бири эди. У Нижний Новгород вилояти губернатори, Россия ҳукуматида бош вазирнинг биринчи ўринбосари каби юқори лавозимларда ишлаган. Кейинчалик мухолифат сиёсатчиси сифатида фаолият юритиб, Владимир Путин ҳукумати сиёсатини очиқ танқид қилди.
Немцов 2015 йил 27 февраль кечаси Москва марказида, Кремль яқинидаги Большой Москворецкий кўпригида орқасидан бир неча марта ўқ узилиб ўлдирилди. Қотиллик Россияда ва халқаро миқёсда катта резонанс келтириб чиқарди.
Немцовнинг ўлдирилиши бўйича бир неча киши судланди, жумладан Заур Дадаев қотилликни амалга оширган шахс сифатида айбдор деб топилди. Бироқ жиноятга ким буюртма бергани ва унинг аниқ сиёсий ёки бошқа мотиви масаласи тўлиқ очиқланмади.
Энди, орадан 11 йилдан зиёд вақт ўтиб, унинг қизи Жанна Немцова ҳам Россия расмийларининг «хорижий агентлар» рўйхатига киритилди. Одамхўр ҳукумат махолифатнинг шарпасидан ҳам қўрқяпти демак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг