2026 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1, 2 ва 3 босқич талабаларининг боқувчисини йўқотганлик пенсиялари тўхтатилди.

Ҳолат юзасидан талабалар туман ва вилоятлар Пенсия жамғармаси бўлимларига мурожаат қилишганида, нафақани тўхтатиш қарори Республика Пенсия жамғармасининг топшириғи асосида амалга оширилгани айтилмоқда.

Талабаларнинг сентябрь ойида ўқиётганлиги тасдиқланганидан кейин пенсия маблағлари қайта ҳисобланиб, октябрь ойи тўлов рўйхатларига киритилиши маълум қилинган.

Шунда боқувчисини йўқотган талабалар август ва сентябрь ойларида яшаш харажатларини қайси манба ҳисобидан қоплаши керак?

Пенсия жамғармаси тўловларни нега тўхтатганини изоҳлай оладими? Талабанинг курсдан курсга ўтганини mygov.uz га уланган Ҳемисдан тасдиқлаб олиш қийин эмас.

Шундай экан бу пенсия пуллари бюджетдаги қайси тешикни ёпишга сафарбар қилинди? Бюджет дефитцити йириклашиб бораётгани аниқ факт, маъмурият ойдан ойга шу дефицитни қоплаш, солиқ ва жарималар ҳисобидан иқтисодиётни амал-тақал мувозанатда ушлашга уринаётгандек кўриняпти.