Ўзбекистонда боланинг фамилиясини белгилаш бўйича янги ҳуқуқий имконият пайдо бўлди. Эндиликда ота-оналар фарзандига фамилия сифатида отасининг исмини беришлари мумкин. Бу ўзгариш кўпчиликда табиий саволларни туғдирмоқда: аввал отасининг исми фамилия сифатида қўйилган болалар-чи? Уларнинг ҳужжатларида хато борми? Энди фамилиясини ўзгартириш керакми?
\

Оила кодексининг 69-моддасига киритилаётган ўзгартиришга кўра, боланинг фамилиясини ота исмидан шакллантириш имконияти қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Аввалги тартибда боланинг фамилияси, асосан, ота ёки онанинг фамилиясидан келиб чиқиб белгиланарди. Миллий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, айрим ҳолларда фамилияни бобо исмидан шакллантириш ҳам мумкин эди. Аммо бевосита отанинг исмини боланинг фамилияси сифатида қўллаш масаласида аниқ ҳуқуқий норма мавжуд эмас эди.

Демак, илгари отасининг исми фамилия қилиб қўйилганлар хато билан рўйхатдан ўтганми? Буни умумий тарзда “хато” деб айтиш тўғри эмас. Янги қонун илгари берилган барча туғилганлик гувоҳномаларини автоматик равишда нотўғри деб эълон қилмайди. Шунингдек, ҳозиргача фамилияси отасининг исмидан шаклланган фуқароларнинг ҳужжатларини оммавий равишда алмаштириш ёки фамилиясини ўзгартириш талаби ҳам келиб чиқмайди.

Бу ерда муҳим фарқ бор: янги қонун янги ҳуқуқий имкониятни аниқ белгиламоқда. Яъни эндиликда ота-оналар бундай вариантни қонуний асосда танлаши мумкин бўлади.

Шу сабабли, аввалги ҳужжатда боланинг фамилияси отасининг исмига мос тарзда қайд этилган бўлса, фақат янги норма пайдо бўлгани учун унинг ҳужжатини “хато” деб ҳисоблашга асос йўқ.

Биринчи қарашда бу оддийгина фамилияга оид масала бўлиб кўриниши мумкин. Аслида эса гап фуқароларнинг исм-фамилиясини миллий анъаналар ва оилавий танлов асосида белгилаш имкониятини кенгайтириш ҳақида кетмоқда.

Сенатдаги муҳокамаларда бу масаланинг айрим оилалар учун амалий аҳамияти борлиги таъкидланган. Хусусан, ота-онаси билан боғлиқ айрим сабаблар туфайли боланинг фамилиясини бобо исмидан шакллантиришни истамайдиган оилалар мавжуд. Масалан, айрим эркаклар болалар уйида тарбияланган ёки ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда отанинг ўз исмини фарзандига фамилия сифатида бериш имконияти муҳим бўлиши мумкин.

Демак, қонундаги ўзгариш шунчаки “фамилия бошқача ёзилади” деган техник янгилик эмас. У фуқарога ўз оиласининг номланиш анъанасини танлашда қўшимча ҳуқуқ бермоқда.

Ўзбек жамиятида исм, насаб ва авлодлар ўртасидаги боғлиқлик қадимдан муҳим тушунча ҳисобланган.

Кўплаб оилаларда инсоннинг кимнинг фарзанди экани, қайси авлодга мансублиги исм-шариф орқали ҳам ифодаланади. Шу нуқтаи назардан, боланинг фамилиясини отасининг исмидан шакллантириш айрим оилалар учун табиий ва қулай вариант бўлиши мумкин.

Бошқа томондан, фамилиянинг ота ёки она фамилиясидан олиниши ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолади. Яъни янги тартиб эски вариантларни бекор қилмайди, балки танлов имкониятини кенгайтиради.

Ота-оналар мавжуд тартибдаги вариантлардан фойдаланиши ёки қонунда белгиланган янги имкониятдан фойдаланиб, боланинг фамилиясини отасининг исмидан шакллантириши мумкин.

Шунинг учун “энди ҳамма бола отасининг исми билан фамилия олади” деган хулоса нотўғри. Аксинча, қонунчиликда аниқ норма бўлиши ҳуқуқий ноаниқликни камайтириши керак.

Аввал бирор оилада отанингисмини фамилия сифатида бериш истаги бўлса, қонунчиликдаги аниқ норма йўқлиги сабабли турлича талқинлар юзага келиши мумкин эди. Айнан шундай ҳуқуқий бўшлиқ фуқароларнинг мурожаатларига сабаб бўлаётгани таъкидланган.

Агар фуқаронинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида, паспортида ёки бошқа ҳужжатларида фамилияси қонуний тартибда қайд этилган бўлса, янги норма сабабли уни мажбурий равишда ўзгартириш талаб қилинмайди.

Агар фуқаро ўз фамилиясини кейинчалик ўзгартирмоқчи бўлса, бу бошқа масала – исм, фамилия ёки ота исмини ўзгартиришнинг амалдаги умумий тартиби асосида ҳал қилинади.

Шу сабабли ижтимоий тармоқларда “илгари отасининг исми фамилия бўлиб қолганлар энди ҳужжатларини алмаштиради” деган мазмундаги хулосаларга шошилмаслик керак.

Боланинг фамилиясини белгилашда ота ёки она фамилиясидан фойдаланиш, миллий анъаналар асосида бобо исмидан фамилия шакллантириш каби имкониятлар қаторига энди отанинг исмидан фамилия шакллантириш ҳам қўшилмоқда.

Шунинг учун бу янгиликни “энди фамилиялар ўзгаради” деб эмас, “ота-оналарга фарзандининг фамилиясини танлашда яна бир қонуний имконият берилди”, деб тушуниш тўғрироқ.

Энг муҳими эса – илгари отасининг исми фамилия сифатида қайд этилган фуқаролар ўз ҳужжатларини шунчаки янги қонун қабул қилингани учун алмаштиришга мажбур бўлмайди.