Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган айрим оғир жинсий жиноятлар учун жазони кучайтириш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида бундай жиноятлар учун узоқ муддатли ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш назарда тутилган.

Бу ҳақда 29 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Қонун лойиҳаси «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси ташаббуси билан киритилган. Ҳужжат билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, шунингдек, қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳада 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноят содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш ёки тайинланган жазони ижро этиш муддати ўтгани сабабли жавобгарлик ва жазодан озод қилишга йўл қўймаслик назарда тутилмоқда.

Бироқ ҳозирча ушбу норма амалдаги қонун эмас. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, кейинги муҳокамалар ва қонунчилик жараёнларидан ўтиши керак. Шунинг учун ҳозирги босқичда «педофилларга умрбод қамоқ жазоси берилди» деб айтиш тўғри бўлмайди. Гап муайян оғир жинсий жиноятлар учун бундай жазони жорий этиш таклифи ҳақида кетмоқда.

Қонун лойиҳасида жабрланган болаларни тергов ва суд жараёнларида ҳимоя қилишга қаратилган қатор ўзгартишлар ҳам белгиланган. Жумладан, зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоязув орқали қайд этиш, жабрланган болани гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан юзлаштиришни махсус тартибда ўтказиш таклиф қилинмоқда.

Агар зўравонлик болага яқин шахслар томонидан содир этилган бўлса, жиноят ишини судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизмини жорий этиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада болалар хавфсизлиги учун масъул шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар ҳам бор. Болани етарлича парвариш қилмаслик, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Вояга етмаганга қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказиш, шунингдек, бир гуруҳ шахслар томонидан 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин.

Вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун ҳам жазо чораларини кучайтириш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, ота-она ва таълим муассасалари ходимларининг болалар хавфсизлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш ҳам таклиф этилган. Болани тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазоларни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Таълим-тарбия жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилса, иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш ҳам режалаштирилган.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жабрланган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бундай жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашдан иборат.

Айни пайтда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан айрим оғир жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳали жорий этилмади. Бу норма қонун лойиҳаси сифатида биринчи ўқишда қабул қилинди.