Элтузарга Ўзбекистон профессионал бокс федерациясида икки йилдан бери маош олмаётган ходимларнинг мурожаати келиб тушди.

Мурожаатда таъкидланишича, федерация ходимларига иш ҳақи ва бошқа молиявий тўловлар қарийб икки йилдан буён тўлаб берилмаяпти. Ҳозирги кунда ташкилотнинг ходимлар олдидаги қарздорлиги тахминан 4 миллиард сўмга етган. Бу йирик маблағ, лекин ҳеч ким ҳолатни текшириб иқтисодий жиноятни фош этмаяпти.

Ўз ходимларига маош тўлаб беролмаётган федерация турли профессионал бокс турнирлари ва тадбирларини ўтказишда давом этмоқда. Мурожаат муаллифларига кўра, бу ҳолат кўплаб ходимлар ва уларнинг оилаларини оғир молиявий аҳволга солиб қўйган. Шундай бўлиши ғоят табиий ахир.

Иш ҳақини ўз вақтида тўламаслик меҳнат қонунчилигига зид. Астойидил суриштирилса, иқтисодий жиноятлар занжири тизилади.

Молия вазирлиги қошидаги Бош назорат-ревизия бошқармаси ҳалиям борми?Шу бошқарма тафтишчиларини бир туртиб уйғотиб юбориш керак. Улардан федерациянинг молиявий фаолиятини текшириш, иш ҳақи бўйича қарздорликларни аниқлаш, масъул шахслар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш ва ходимлар олдидаги қарздорликларни қоплаш чораларини кўриш сўралмоқда.

Молия вазирлиги, Бош прокуратура масъуллари «қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор» қабилида мурожаатларни этиборсиз қолдирмайди деб умид қиламиз.