Не кунларга қолдик?! Бозорни назорат қилиши керак бўлган идора энди бозордаги ўйинчига айланиб, устига-устак ўз хизматини ўзи тарғиб қила бошлабди.

Божхона қўмитаси тадбиркорларга хат ёзибди: гўёки ғамхўрлик қилиб, 2025 йилда нечта декларация топширилганини ҳам санаб чиқибди, кейин эса шу ҳисоб-китоб асосида ўзининг «Bojxona-Servis» ДМ хизмати қанчалик “арзон” эканини тушунтирибди. Бозор эмас, худди “ҳам ҳакам, ҳам ўйинчи” чемпионатига ўхшайди.

Энг қизиғи, оддий тадбиркор мижоз топиш учун рекламага пул сарфлайди, давлат корхонаси эса маъмурий ресурсга суянади. Яъни кимдир баннер беради, кимдир таргет қилади, яна кимдир эса базага кириб, тайёр мижознинг ўзини ҳисоблаб олади.

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси бор, лекин баъзилар уни тавсиявий брошюра деб ўқиса керак шекилли. Чунки бозорни тартибга солиши керак бўлган органнинг ўзи аффилланган тузилмасига йўл очиб берса, бу рақобат эмас, “оилавий пудрат”га ўхшаб кетади.

Яна бир нозик жиҳат: бизнеснинг амалиёт ҳажми ҳақидаги маълумотлар қаердан олинди, нима мақсадда ишлатилди ва бунинг учун розилик кимдан олинди?

Тадбиркор декларация топширса, эртасига шу маълумот асосида унга реклама хати келиши керакми? Энди нима, солиқ тўлаганингизга қараб “сизга мос давлат хизмати” каталоги ҳам келадими?

Бозор регулятори ўзи ўша бозорнинг асосий иштирокчисига айланса, хусусий сектор нима қилади? Қоидаларни ўқийдими ёки давлат билан тенг шартда курашиш деган эртакка ишонадими?

Тадбиркор онгида битта хато тасаввур пайдо бўлади: “давлат брокери билан ишласам, ишим тезроқ битади, имтиёз бўлар.” Ана шу фикрнинг ўзиёқ бозорни буза бошлайди. Давлат органи ишончни ҳимоя қилиши керак, уни монетизация қилиш эмас.

Давлат идораси хизмат кўрсатиш бозорида қатнашаман деса, камида давлатнинг кучи, маълумоти ва нуфузини чўнтак реклама воситасига айлантирмаслиги керак.

Акс ҳолда бу “хизматлар бозори” эмас, “ўзимизникиларга йўл очиш” схемаси бўлиб қолади.