Боғот тумани марказида чала қолдирилган қувур ётқизиш ишлари тез ёрдам машиналарининг ҳаракатини қийинлаштирмоқда. Элтузарга туман Тез ёрдам бўлими ҳайдовчилари номидан йўлланган мурожаатда оғир беморлар, ҳомиладор аёллар ва жароҳатланганларни шифохонага етказиш вақти узайиб кетаётгани айтилган.

Ҳайдовчиларнинг ёзишича, йўлларни асфальтлашдан олдин сув қувурларини ётқизиш бошланганига бир ойдан ошган. Бироқ тендерни ютган пудратчилар йўлларни кавлаб, ишни чала қолдирган.

11 октябрдаги ёмғирдан кейин эса туман марказидаги йўллар лой ва ўнқир-чўнқирларга айлангани билдирилмоқда.

Бу ерда гап фақат пойабзалга лой ёпишиши ёки машинанинг ифлосланиши ҳақида эмас. Тез ёрдам ичида оғир бемор ётибди. Унинг шифохонага қанча вақтда етиб бориши йўлдаги чуқурларга боғланиб қолмаслиги керак.

Мурожаатга кўра, тез ёрдам машиналари лой ва тирбандликда тутилиб қолмоқда, тез-тез бузилмоқда. Ҳайдовчилар ва тиббиёт ходимлари эса беморга ёрдам бериш билан бирга вайрон йўлнинг ташвишини ҳам кўтаришга мажбур.

Мурожаатчилар пудратчиларни асосий йўллардаги ишни тугатмасдан бошқа жойларда қўшимча ишлар билан шуғулланишда айбламоқда. Бу даъво текширилиши керак. Аммо масъулларга бериладиган савол ҳозирнинг ўзида аниқ: туман марказида тез ёрдам ҳаракати қийинлашган бўлса, ишни ким назорат қиляпти?

Пудратчининг дам олиш куни бўлиши мумкин. Лекин оғир бемор ўз аҳволини иш жадвалига мослаштира олмайди. Бундай вазиятда хавфсиз ўтиш йўлини таъминлаш, ишларни мувофиқлаштириш ва муддатларга риоя этилишини назорат қилиш кимнинг зиммасида?

Хоразм вилояти ва Боғот тумани ҳокимлиги, «Сув таъминоти» ҳамда тегишли назорат идоралари мурожаатга аниқ жавоб бериши лозим: пудратчи ким, шартномадаги муддат қачон тугайди, ишлар нега чала қолган ва тез ёрдам учун қачон бемалол ўтиш йўли очилади?

Ҳайдовчилар қувур ётқизиш ва асфальтлаш ишларини тез ҳамда сифатли якунлашни, пудратчилар фаолиятини текширишни ва махсус транспорт ҳаракатини таъминлашни сўрамоқда.

Боғотга қоғоздаги ҳисоботдан аввал тез ёрдам ўта оладиган йўл керак. Беморнинг ҳаёти «ишлар давом этмоқда» деган жавобни кутиб турмайди.