150 КМ ЙЎЛ, 500 МИНГ СЎМ ХАРАЖАТ: БОБОТОҒДАГИ МАКТАБ ДИРЕКТОРЛАРИ БЎЗЧИНИНГ МОККИСИМИ?
Сурхондарёнинг Боботоғ ҳудудидаги мактаб директорлари йиғилиш учун 150 км йўл босиб, бориб-келишга қарийб 500 минг сўм сарфлаётгани айтилмоқда. Элтузар мурожаат асосида масъулларни онлайн йиғилиш имкониятларини кўриб чиқишга чорлайди.
Элтузарга Сурхондарё вилояти Боботоғ ҳудудидаги мактаблар билан боғлиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифининг билдиришича, мактаб директорлари йиғилишда иштирок этиш учун Термиз шаҳрига чақирилмоқда. Айрим мактаблар вилоят марказидан қарийб 150 километр узоқликда жойлашгани сабабли бир марта бориб-келишнинг ўзи тахминан 500 минг сўм харажатга тушяпти.
Бугунги рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланиб, бундай йиғилишларни селектор ёки Zoom орқали ташкил этиш мумкинку?
«150 километр узоқликдаги Боботоғ мактабларидан Термизга бориб-келиш учун 500 минг сўмга яқин маблағ кетади. Йиғилишни онлайн ўтказиш имконияти бўла туриб, директорларни вилоят марказига чақириш қанчалик мақсадга мувофиқ? Бу шунчаки одамни эзиш ва мазаҳ қилиш эмасми?» – дейилади мурожаатда.
Сурхондарё вилоятидаги мутасаддилардан ушбу масалага эътибор қаратишларини ва Боботоғ каби олис ҳудудлардаги мактаб раҳбарлари иштирокидаги йиғилишларни имкон қадар масофавий шаклда ташкил этиш масаласини кўриб чиқишлари талаб қилинмоқда. Инсон кучини, вақт ресурсини ўринли ишларга сарфланг, таълим мўҳтарамлари.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг