БЛОГЕР ШЕРАЛИ КОМИЛОВ САЛКАМ 1,5 ЙИЛДАН КЕЙИН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Қарши туман суди ажрими билан блогер Шерали Комилов 17 ойга яқин ҳибсда бўлганидан сўнг муддатдан илгари озод этилди. Судда унга қўйилган товламачилик ва фирибгарлик айбловлари тасдиғини топмади, айрим эпизодлар баҳсли деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг ажрими билан блогер Шерали Комилов муддатдан илгари озодликка чиқарилди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Маълум қилинишича, суд жараёнида Комиловга нисбатан қўйилган қатор жиддий айбловлар ўз тасдиғини топмаган. Хусусан, Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (товламачилик) бўйича у оқланган. Таъкидланишича, ушбу эпизодда “жиноят содир этилган” деб кўрсатилган вақтда блогер амалда қамоқда бўлган.
Шунингдек, 168-модда 3-қисм (фирибгарлик) бўйича ҳам айбловлар бекор қилинган. Қолаверса, Комилов устидан шикоят қилган шахс адвокат сифатида фаолият юритмаслиги Адлия вазирлиги томонидан тасдиқлангани қайд этилмоқда.
Блогерга нисбатан Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали қўйилган 120-модда (бесоқолбозлик) айблови ҳам баҳсли ҳолат сифатида тилга олинмоқда. Манбага кўра, Комилов айнан ушбу турдаги жиноят ҳақида хабар бериб, тегишли органларга видео далиллар тақдим этганидан сўнг унга нисбатан иш очилган.
Айни пайтда у айрим фуқаролар томонидан берилган туҳмат ва ҳақоратга оид айбловлар юзасидан юқори суд инстанцияларига мурожаат қилиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Шерали Комилов дастлабки тергов жараёнларида 17 ой давомида ҳибсхонада сақланган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг