БЕЛАРУС-ЎЗБЕКИСТОН ҚЎШМА ИНСТИТУТИ РАҲБАРИЯТИДАН ЖАМОА НОРОЗИЛИГИ ОРТМОҚДА
Тошкентдаги Беларус-Ўзбекистон қўшма институтида янги раҳбар тайинлангач, кам маошли ходимларга тўланиб келинган устамалар бекор қилинди, иш вақти узайтирилди ва дам олиш кунларида ҳам ишга чақириш ҳолатлари жамоа норозилигига сабаб бўлди.
Тошкент шаҳридаги Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтида раҳбарият алмашганидан сўнг ишчи-ходимлар меҳнат шароитлари ёмонлашди.
Ходимларнинг таъкидлашича, институтга янги раҳбар тайинланганидан кейин кам маош оладиган ишчиларга бериб келинган устамалар бекор қилинди. Улар орасида 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача маош оладиган ходимлар ҳам бор.
Шунингдек, жамоат кенгаши томонидан келишилган иш вақти раҳбарият томонидан ходимлар билан маслаҳатлашмасдан 8:00 дан 18:00 гача қилиб белгиланди.
Айни дамда шанба ва якшанба кунлари ҳам турли баҳоналар билан ходимлар ишга жалб этилмоқда.Қурбон ҳайити муносабати билан Президент томонидан белгиланган дам олиш кунларида ҳам ташкилот ходимлари ишга чақирилди.
Ходимлар оила боқиш мажбурияти сабаб бу ҳолатларга чидашга мажбур бўлаётганини таъкидлашмоқда.
Шу билан бирга, институт номи қисқартирилгани, айрим таълим йўналишлари номи тубдан ўзгартирилгани ҳам эътирозларга сабаб бўлган. Хусусий таълим муассасаси билан давлат таълим муассасаси орасида ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан фарқ мавжуд.
Институт жамоаси мутасадди ташкилотлардан ҳолатни ўрганиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, ходимлар ҳуқуқлари ва институт фаолиятидаги ўзгаришларга ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилишмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг