БЕКЗОД МУСАЕВГА АТАЛГАН “ВИАГРА”
Миграция агентлигининг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров агентлик раҳбари Бекзод Мусаевни Кореяга ишчи юборишдаги 90 миллион долларлик схема, пора талаб қилиш, ҳужжат сохталаштириш ва шахсий манфаатлар учун хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айбламоқда.
(ЁХУД МИГРАЦИЯ АГЕНТЛИГИ РАҲБАРИ СУВДАН ҚУРУҚ ЧИҚМОҚЧИМИ?)
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг собиқ ходими агентлик раҳбари Бекзод Мусаевни тизимли коррупция, ходимлардан пора олиш, ноқонуний топшириқлар бериш ва ҳужжатларни сохталаштиришда айблаб чиқди.
Агентликнинг собиқ бўлим бошлиғи ва Корея Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Азизбек Тоштемиров Телеграм платформасига Мусаев билан ёзишмаларнинг скриншотлари ва аудиофайлларни жойлади.
Улардан бирида Бекзод Мусаев ўз қўл остидаги Азизбек Тоштемировга Кореядан “қимматбаҳо атирлар” ва “эркаклик потенцияси учун яхши бўлган” камида икки турдаги “виагра”ни юборишни сўраган.
Скриншотларга ёзган изоҳида собиқ ходим Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонасини бошқарган пайт хизмат вазифасини бажариш ўрнига “Мусаевга “виагра” қидириш билан овора бўлгани”ни айтади.
ИНТЕРПОЛ ҚИДИРУВИДА
Ўтган ой Ўзбекистон Бош прокуратураси Азизбек Тоштемировни Корея Республикасига одам юбориш бўйича 90 миллион долларлик йирик ноқонуний схемага алоқадорликда айблаб халқаро қидирувга бергани ўртага чиққан.
35 яшар Азизбек Тоштемиров номи Интерполнинг расмий вебсайтида “қизил хабарнома” остида пайдо бўлган.
(Қизил хабарнома – Red Noticе – бу ҳибсга олиш ордери эмас, балки шахсни экстрадиция қилиш, топшириш ёки бошқа ҳуқуқий чоралар кўриш мақсадида уни қидириш ва вақтинча ҳибсга олиш тўғрисида дунё бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориладиган сўровдир.)
Аввалроқ Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион схемани фош қилганини маълум қилган эди.
Идора маълумотига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ мансабдорлари, хусусий бандлик агентликлари ходимлари ва бошқа шахслар уюшган жиноий гуруҳ таркибида ҳаракат қилиб, фуқароларга Жанубий Кореяда ишга жойлаштириб беришни ваъда қилган.
Натижада улар 35 нафар фуқародан жами 263,5 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида аниқланишича, Жанубий Кореяга ишга юбориш учун расмий тўловлардан ташқари фуқаролардан фирибгарлик йўли билан қўшимча равишда 7 мингдан 12 минг АҚШ долларигача маблағ йиғиб олинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, шу тариқа жами қарийб 90 миллион доллар тўпланган бўлиши мумкин.
Идора бошқа эпизодлар ҳақида ҳам маълум қилди. Жумладан, бир ҳолатда 230 нафар фуқародан 580 минг доллар, бошқа бир ҳолатда эса 1000 нафар фуқародан ноқонуний равишда 5,6 миллион доллар йиғиб олингани айтилмоқда.
Шунингдек, Жанубий Кореяга ишга юборилмаган 600 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари ҳам ўрганилмоқда.
Ҳозирча ушбу эпизодлар Азизбек Тоштемиров иши билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги ҳақида расмий маълумот йўқ.
Озодлик радиоси Ўзбекистон ДХХсининг қатор собиқ юқори мартабали зобитлари, жумладан ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи Алижон Ашуров ҳам айни жиноят иши доирасида ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.
“МУСАЕВНИНГ УЙИДАН ЧИҚАДИ”
Ҳозирга қадар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари, Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Бекзод Мусаев Корея Республикасига одам жўнатиш бўйича жиноят иши доирасида текширув ёки терговга жалб қилингани борасида маълумот йўқ.
Ушбу жиноят ишининг асосий фигурантларидан бири бўлган ва терговдан яширинган Азизбек Тоштемиров эса Мусаев бу схема бошида тургани ва ҳозирда “сувдан қуруқ чиқишга уринаётгани”ни иддао қилмоқда.
Тоштемировга кўра, Корея Республикасига одамларни хусусий бандлик агентликлари юборган. ХБА лари эса, Тоштемиров иддаосича, “айнан Мусаев жаноблари учун даромад манбаи эди”.
“Мусаев мени ЧАЗлар (Хусусий бандлик агентликлари-таҳр.)ни Корея давлатига олиб боришим, уларга квота топиб беришим, иш берувчилар билан боғлашим учун босим ўтказган. Мен ўз ўрнида бунга қарши эканимни, келгусида бундай ишлар муаммо келтириб чиқариши мумкин эканини айтганман. Ўшанда Мусаев барча муаммоларга ўзи жавоб беришини айтган эди. Исбот сифатида келтирилган скриншотда ҳам айнан ЧАЗларни Кореяга олиб кетмаганлигим учун «сволочь» дея ҳақоратлаганини кўришингиз мумкин.” деб ёзади Тоштемиров Телеграм каналидаги изоҳида.
Тоштемиров Телеграмга жойлаган ва Бекзод Мусаевга тегишли экани айтилган аудиофайллардан бирида раҳбар қўл остидаги ходимга “асосийси қулоқ тинч…биттасини пулини ечиб, иккинчисини лицензиясини оп қўйиб ўтираверамиза онангни….йларни” дегани ва ходимнинг қайта-қайта “есть, тушундим” дея маъқуллагани акс этган.
Тоштемиров шунингдек, Бекзод Мусаев ўзининг куёвини агентлик ҳисобидан Кореяга юбориш, қизига эса Америка визасини олиш учун ҳужжатлаштирни сохталаштирганига оид далилларни ҳам келтирган ва хусусан, АҚШ элчихонасини ушбу фактга эътибор қаратишни сўрамоқда.
Тоштемировга кўра, Ўзбекистонда тергов қилинаётган Кореяга одам юбориш бўйича 90 миллион долларлик фирибгарлик схемасининг асосий бенефициари Миграция Агентлиги раҳбари Бекзод Мусаевдир.
Муқаддам Солиқ қўмитаси раиси ва Соғлиқни сақлаш вазири лавозимларида ишлаган Бекзод Мусаев, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2015 йилда талон-торож, растрата ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айблари билан қидирувга берилган.
У хорижда яширингани хабар қилинган. Озодлик радиоси Мусаев АҚШдан сиёсий бошпана олгани ҳақида ёзган.
2016 йилдаги ҳокимият ўзгариши ортидан Ўзбекистонга қайтган ва ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган Бекзод Мусаев ҳозирга қадар ўз ўтмишига доир маълумотлар юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.
53 ёшли Мусаев 2023 йилда 63 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-Макс-1” иши ортидан Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан бўшатилганди.
У аввал Бандлик вазири, кейинроқ эса вазирликдан ажралиб чиққан Миграция агентлигига раҳбар этиб тайинланган.
Азизбек Тоштемировнинг ўзи фирибгарлик ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этмоқда.
“Мен топган ойлигимга Мусаев ва унинг оиласи учун энг қимматбаҳо корейс косметикаларидан тортиб, зубной пастаю, хатто влажный салфеткагача юборишим керак эди” деб ёзади Тоштемиров.
Ва “айни пайтда Кореяга ишлаш учун кетган фуқароларнинг ким орқали, канча пул эвазига кетганлиги текширилмоқдами? Хўш, нима сабабдан Б.Мусаевнинг шахсан топшириғи ортидан Кореяга кетганлар билан ҳеч ким қизиқмаяпти?
Бундай топшириқларнинг сон-саноғи йўқ. Қай биридан қанчадан олган номаьлум, лекин ҳойнаҳой 90 млн $ Мусаевнинг уйидан чиқса ажабмас.
Нега барча буйрукларни берган у бўла туриб, бугунга келиб кичик ходимлар айбланмокда?!” деган саволларни қўяди.
Биз Азизбек Тоштемиров қўйган саволларни Ўзбекистон тергов идораларига ҳавола қиламиз ва Миграция агентлиги ҳамда унинг раҳбари Бекзод Мусаевнинг расмий изоҳига очиқ эканимизни маълум қиламиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг